Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Бурҳоновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон фуқаролари қаерда бўлишидан қатъи назар, давлат ҳимоясида ҳисобланади. Бу кафолат Конституция, миллий қонунлар ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрлари асосида таъминланади.
Вазирлик матбуот котибининг таъкидлашича, агар чет элда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилса, улар дарҳол ўша давлатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилиши лозим. Бу орқали улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўладилар.
Зарур ҳолларда фуқаролар Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилиб, ҳуқуқий ва консуллик ёрдамини олишлари мумкин. Вазирлик бу хизматлар ҳар бир фуқаро учун очиқ ва бепул эканини қайд этди.
Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, чет элдаги фуқароларни ҳимоя қилиш давлат сиёсатидаги муҳим йўналиш ҳисобланади. Бу давлатнинг ўз фуқаролари олдидаги бевосита мажбурияти сифатида қаралади.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясида маҳаллий фуқаролардан бири ўзбекистонлик меҳнат мигранти — такси ҳайдовчисига «сен русларнинг қулисан, оғзингни очмасдан ишлашинг керак», дегани катта муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Воқеага жавоб тариқасида ўзбек ижтимоий тармоқларида «Биз қул эмасмиз» флэшмоби ҳам бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Куни-кеча Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов РФ ташқи ишлар вазири билан телефон орқали суҳбатлашиб, бу инцидент юзасидан изоҳ талаб қилмагани ҳам ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ташқи ишлар вазирлиги фақат матбуот котиби орқали воқеага шу тарзда умумий муносабат билан чекланди.