Илҳом Алиев Озарбойжон ССР тузилишини «оккупация» деб атади

08:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Озарбойжон президенти 1920 йилдаги воқеаларни «босқин ва бўйсундириш» деб баҳолади. Шунингдек, Зангезур йўлаги ҳақида ҳам гапириб ўтди.

Ilhom aliyev

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев 1920 йили Озарбойжон ССР ташкил этилганини «Россия армиясининг босқини ва мамлакатнинг оккупация қилиниши», деб атади. Унинг таъкидлашича, бу воқеа Россия империяси парчаланиб, 1918–1920 йиллардаги мустақиллик давридан сўнг юз берган.

Алиевга кўра, совет ҳокимиятининг «Халқларга эркинлик!» шиори ҳақиқатга зид бўлган. У 1920 йил апрелида Россия армияси Озарбойжонга кириб келганини ва ноябрда Зангезур (ҳозирги Ғарбий Зангезур) Арманистонга берилганини таъкидлади.

«Шу орқали Озарбойжон икки қисмга бўлинган: асосий ҳудуд ва Нахичивон», — деди президент Al Arabiya телеканалига берган интервюсида.

Президентнинг таъкидлашича, совет даврида бу ҳудудлар ўртасида алоқада муаммо бўлмаган, лекин Арманистоннинг тажовузкор сиёсати сўнгги йилларда келишмовчиликларни келтириб чиқарган. Алиев Зангезур йўлагини куч билан қайтариб олиш имкони бўлганини, аммо 2020 йил 10 ноябрда уруш тўхтаганини эслатди. Кейинги 5 йил давомида Арманистон билан транспорт алоқаларини тиклаш юзасидан музокаралар олиб борилган.

Алиевнинг айтишича, музокараларда Арманистон ҳеч қандай конструктив ёндашув намоён этмаган. Шу боис Зангезур йўлагини кафолатли амалга ошириш учун АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти жалб этилган. «Трамп ўз номини Зангезур йўлагига берганидан сўнг, унинг яқин вақтда амалга ошишига ишонаман», — деди Алиев.

Шунингдек, у Россия билан муносабатлардаги мураккаблик учун масъулият Озарбойжон зиммасида эмаслигини таъкидлади. «Биз фақат қонуний ва конструктив ёндашувдамиз. Лекин ҳеч қандай тажовуз ва ҳурматсизликни қабул қилмаймиз», — деди у.

Аввалроқ, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян АҚШ президенти Доналд Трамп иштирокида Оқ уйда тўлиқ оташкесим ҳақида декларация имзолагани ҳақида хабар берган эдик. Шу учрашувда Зангезур йўлаги TRIPP — «Трамп маршрути халқаро тинчлик ва фаровонлик йўлида» деб номланиши эълон қилинган эди.