Малайзия компанияси Ўзбекистоннинг учта ҳудудида қуруқлик портларини қуриши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ва ушбу мамлакатнинг Мутиара Перлис S Bhd компанияси директорлар кенгаши ижрочи раиси Шабаруддин Ибрахим ўртасидаги учрашувда маълум қилди.
«Дунё» АА хабарига кўра, учрашувда Андижон вилоятида Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси яқинида, Термез шаҳрида ҳамда Олот туманида қуруқлик портларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилган. Қайд этилишича, мазкур лойиҳани амалга оширишда компания тажрибаси ҳамда Ўзбекистоннинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб минтақалари ўртасидаги транзит салоҳияти инобатга олинади.
Шабаруддин Ибрахим Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг аҳамиятидан келиб чиқиб, яқин келажакда Андижонда қуруқлик портини қуриш таклифига жиддий қизиқиш билдирган. Тадбиркор мазкур лойиҳа таклифини ўзбек томони билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилган.
Шунингдек, улар Ўзбекистонни Жануби-Шарқий Осиё минтақаси билан боғлайдиган транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янги транспорт йўналишларини очиш истиқболларига ҳам тўхталган.
Жумладан, Ўзбекистонни Хитой билан боғлайдиган Қашқар-Торуғарт-Макмал-Жалолобод-Андижон йўналишида янги темир йўли қурилиши ва Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлайдиган Трансафғон халқаро темир йўли лойиҳасининг минтақа ташқи савдо айланмасига ижобий таъсири юзасидан фикр алмашилган.