Бугун, 28 август ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан 2025 йилда ишлаб чиқарилган электр энергияси миқдори 7 млрд kWhни ташкил қилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Бу ўтган вақт мобайнида кунига ўртача 29,1 млн kWh электр энергияси қуёш ва шамол электр станцияларидан олинди, деганидир», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, мазкур генерациянинг 4 млрд 360,6 млн kWh қисми қуёш электр станциялари томонидан, 2 млрд 639,4 млн kWh қисми эса шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган.
Бунинг натижасида 2 млрд 100 млн метр куб табиий газ тежалишига эришилган. Атмосферага 2 млн 940 минг тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинди.
«Қолаверса, жорий йил бошидан бугун, 28 август соат 16:00 га қадар Ўзбекистондаги барча гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан 11 млрд, 908,2 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу жорий йилдаги жами генерациянинг 21,5 фоизини ташкил қилади», — дейилади хабарда.
Гидроэлектр станциялари ва қуёш ҳамда шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси натижасида 3 млрд 600 млн метр куб табиий газ тежалишига эришилган. Атмосферага 5 млн тоннадан ортиқ зарарли газларнинг чиқиши олди олинган.
Маълумот учун, мазкур ҳажмдаги электр энергияси 7,4 миллион хонадоннинг саккиз ойлик ёки 4,9 миллион хонадоннинг бир йиллик меъёрий базасини ташкил қилади.