Роғун ГЭСига 17 йилда 5 млрд доллардан ортиқ маблағ йўналтирилди

15:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилиши учун 2025 йилнинг ўзида 452 млн доллар ажратилди. Объект 2028 йилда тўлиқ ишга туширилиши кутилмоқда.

Roghun ges

Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг маълум қилишича, 2025 йил бошидан буён Роғун ГЭСи қурилишига давлат бюджети ҳисобидан 4,3 млрд сомони, яъни тахминан 452 млн доллар ажратилган. Бу ҳақда у 27 август куни ГЭС ходимлари билан учрашувда маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2008 йилдан бери Тожикистон ушбу мега-лойиҳага давлат бюджети ва бошқа манбалардан жами 48,1 млрд сомони (5,05 млрд доллар) йўналтирган. Роғун ГЭСи — Вахш дарёсида қурилаётган энг йирик энергетика объекти бўлиб, уни тўлиқ қувват билан ишга тушириш 2028 йилдан олдин амалга ошмайди.

Ҳозиргача электр станциясидаги 6 та гидроагрегатдан 2 таси ишга туширилган. Ҳар бири 600 MW қувватга эга бўлган ушбу агрегатлар босқичма-босқич фаолиятга қўшилмоқда. Лойиҳа умумий қиймати тахминан 6,2 млрд долларни ташкил этади.

Қурилишни молиялаштиришда халқаро шериклар ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, аввалроқ Душанбе шаҳрида Тожикистон Республикаси молия вазири Файзиддин Қаҳҳорзода ва Қатар тараққиёт фонди бош директори Фаҳд Ҳамад ас-Сулайтий Роғун ГЭСи қурилиши учун Тожикистонга 50 млн доллар имтиёзли кредит ажратиш ҳақида битим имзолагани ҳақида хабар берган эдик.

Роғун ГЭСи фаолиятга тўлиқ қўшилса, мамлакатнинг энергетика мустақиллиги мустаҳкамланади ва минтақадаги электр энергияси экспорти кенгаяди. Шу боис, лойиҳа нафақат миллий, балки стратегик аҳамиятга ҳам эга ҳисобланади.

Аввалроқ Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Роғун ГЭСдан электр энергияси етказиб бериш бўйича 20 йиллик келишув имзолашга келишиб олгани, унга кўра, Тожикистон Ўзбекистонга 1 kWh электр энергиясини 3,4 центдан сотиши ҳақида хабар берган эдик.