Россия ҳарбий харажатлар учун рекорд даражага пул сарфламоқда

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йилнинг биринчи ярмида Россия ҳарбий харажатлари 8,484 трлн рублни ташкил этган. Бу ҳар куни ўртача 46,9 млрд рубл сарфланганини англатади.

Weapon

Россия ҳарбий харажатлари охирги икки йил ичида икки баробардан кўпроқ ўсиб, тарихий рекорд натижага этди. Бу ҳақда Mоscow Times нашри Германиядаги Халқаро хавфсизлик муаммолари институти олимлари ҳисоб-китобларига таяниб, маълумот берди. Маълумотларга кўра, кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан 31 фоизга, 2023 йилнинг биринчи ярмига нисбатан эса қарийб икки баробарга ошган. Уруш бошланган йил билан солиштирилганда эса харажатлар уч мартага кўпайгани қайд этилган.

2025 08 28 18.41.51

Ҳарбий харажатлар давлат бюджети даромадларининг қарийб ярмини ташкил этган. Январ–март ойларида бу кўрсаткич 50,1 фоизга етган бўлса, июн охирига келиб 48,2 фоизни ташкил қилди. Демак, федерал бюджетга тушган ҳар иккинчи рубл армия ва қурол ишлаб чиқаришга йўналтирилган.

Харажатларнинг асосий қисми махфий ҳисобланади. Очиқ маълумотларга кўра, 3,2 трлн рубл расмий моддаларга сарфланса, 5,3 трлн рубл «ёпиқ» йўналишларга ажратилган. Бу ўтган йилга нисбатан 41 фоиз кўпдир.

Экспертлар таъкидлашича, ҳатто Украинада тинчлик музокаралари муваффақиятли якунланса ҳам, Кремл 2026 йилда ҳарбий харажатларни қисқартиришни режалаштирмаяпти. Фақат 2027 йилдан бошлаб харажатлар қисман камайиши мумкин, аммо 2022 йилдан олдинги даражага тушиши кутилмаяпти.