Telegram блогерлар учун энг тез ўсиб бораётган молиявий платформага айланмоқда. Блогерлар ва агентликлар ассоциацияси (АБА) ўтказган тадқиқотга кўра, платформадаги йиллик монетизация ҳажми 8,5 млрд рублдан ошган. Ушбу ўсиш россиялик инфлюенсерларнинг хорижий платформалардан маҳрум бўлиши фонида юз берди, деб ёзмоқда «Известия» нашри.
Тадқиқот Tribute, Lava Top, Admaker Bot, Paywall ва бошқа хизматлар фаолияти асосида тайёрланган. Улардан Telegram’да расман тасдиқланган сервис Tribute улуши бозорнинг 59 фоизини (тахминан 5 млрд рубл) ташкил этмоқда. Lava Top эса 35 фоиз улуш (3 млрд рубл) билан иккинчи ўринда. Бозорда камида 1,65 млн фойдаланувчи ва 100 мингдан зиёд муаллиф фаолият юритмоқда.
АБА раҳбари Тимур Ахмедовга кўра, илгари контент монетизациясидан асосан хорижий тармоқлар орқали фойда олиб келган блогерлар энди Telegram’даги хизматларга ўтиб бўлишди. Ушбу сервислар янги экотизимни шакллантирмоқда.
Россияда Meta каби тақиқланган ташкилотларга тегишли платформаларда реклама жойлашга қонунан чекловлар жорий этилгани туфайли, компания ва инфлюенсерлар Telegram’ни доимий ва мослашувчан платформа сифатида кўрмоқда. WildJam агентлиги ҳам июль ойида шунга ўхшаш хулосаларни тақдим этган.