Сўмнинг мустаҳкамланиши нималарга таъсир қилади?

19:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Ўтаётган ҳафтада сўм АҚШ долларга нисбатан бироз мустаҳкамланган бўлса-да, бошқа валюталарга қараганда қадрсизланишда давом этган.

Soum usdФото: spot.uz

Умуман олганла, 2025 йилнинг январидан буён миллий валюта – сўм долларга нисбатан тахминан 4 фоизга мустаҳкамланди. Бу ўртача курс эмас, балки йил боши ва жорий даврдаги курслар нисбати асосида ҳисобланган.

Сўмнинг мустаҳкамланишини фақатгина долларнинг қадрсизланиши билан изоҳлаш тўлиқ тўғри эмас, айниқса охирги бир неча ойда. Чунки жараённи таҳлил қилинганда, унда глобал ва ички омилларнинг турли даврларда турлича таъсир кўрсатганини кўриш мумкин.

Шунингдек, сўм курсини баҳолашда фақат номинал курс эмас, балки мамлакат рақобатбардошлигини акс эттирувчи реал валюта курсига ҳам эътибор қаратиш зарур. Реал курснинг динамикаси бизга сўмнинг ҳақиқий иқтисодий асосларда қандай ўзгараётганини кўрсатади.

Реал валюта курси — бу миллий валютанинг ҳақиқий қийматини кўрсатадиган кўрсаткич. Унга нафақат расмий курс, балки мамлакатлардаги товар ва хизматлар нархи ҳам таъсир қилади. Реал курс мамлакатнинг ташқи бозорда қанчалик рақобатбардошлигини кўрсатади.

Mikronomika
Инфографика: Миркономика

Қандай глобал омиллар таъсир қилди?

Шу йилнинг дастлабки 4 ойида, яъни январ–апрелда реал курс қадрсизланган. Бунга долларнинг глобал қадрсизланиши ва рублнинг кескин мустаҳкамланиши таъсир қилди. Хусусан, февралда реал курс –3,4 фоизга, мартда –0,8 фоизга, апрелда эса –1,8 фоизга қадрсизланган.

Май ойидан кейин тескари тенденция бошланди. Бу даврда нафақат номинал курс, балки реал курс ҳам мустаҳкамланди. Хусусан, майда реал курс 0,93 фоизга, июнда эса 2 фоизга яхшиланган. Бироқ ҳолат узоқ давом этмади, июлга келиб яна қадрсизланиш жараёни кучайди.

Бунга 1,1 млрд долларлик олтин экспорти ҳисобига Швейцария савдо улушининг ошиши асосий сабаб бўлди. Натижада сўм франкка нисбатан 2 фоизга, евро­га нисбатан эса 1,5 фоизга қадрсизланди. Умумий ҳисобда реал курс июл ойида қарийб 2 фоиз пасайган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг айтишича, бунга фақатгина ташқи омиллар эмас, балки ички факторлар ҳам сабаб бўлган.

«Курс ўзгаришини фақат доллардаги ўзгариш билан изоҳлаб бўлмайди. Балки, биринчи 4 ойда бу фактор курс ўзгаришида доминантлик қилгандир, лекин сўнгги бир неча ойда ички ва мамлакатимизга хос факторлар валюта курси ўзгаришида муҳим роль ўйнаётгандек», – дейди Холбоев.

 

Августда нима бўлади?

Август ойи бўйича инфляция ва савдо маълумотлари ҳали эълон қилинмаган. Бироқ агар кўрсаткичлар июл ойидагидек сақланса, валюта курсидан келиб чиққан ҳолда реал курс тахминан 1,9 фоизга мустаҳкамланиши мумкин.

Эътиборлиси, сўм долларга нисбатан мустаҳкамланган бўлса-да, бошқа валюталарга қараганда қадрсизланишда давом этган. Аввалроқ, сўм «тебранувчанлик»да қозоқ тангасини ҳам ортда қолдиргани ҳақида хабар берган эдик.

 

Сўм мустаҳкамланиши Қирғизистон билан иш ҳақини тенглаштирадими?

Қирғизистонда 2025 йил январ–июн ойларида ўртача иш ҳақи 42 минг 020 қирғиз сўмини ташкил этган, бу ўзбек сўмида 6 млн 093 минг сўмга тенг. Солиштириш учун, Ўзбекистонда шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 982 минг сўм эди. Яъни икки мамлакат ўртасидаги фарқ 110,7 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Аниқроғи, Қирғизистонда ўртача ойлик иш ҳақи ҳам, иқтисодиёт ҳам Ўзбекистонга нисбатан юқори тезликда ўсмоқда. Лекин ўзбек сўмининг қирғиз сўмига нисбатан мустаҳкамланиши тафовутларни камайтиришни бошлади.

Уч ой олдин эса бу фарқ анча юқори бўлиб, қирғизистонликлар фойдасига 215 минг сўмни ташкил этганди. Ўшанда Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 40 минг 264 қирғиз сўми (6 млн 011 минг сўм), Ўзбекистонда эса 5 млн 796 минг сўм бўлган. Демак, сўмнинг қирғиз сўмига нисбатан мустаҳкамланиши иш ҳақларидаги фарқни қисқартирмоқда.

Қирғизистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгариш бўйича иқтисодчи Отабек Бакиров муносабат билдирди.

«Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 2023 йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистондаги кўрсаткичдан ўтиб кетган ва шундан буён биз қўшнилардан ортда қолмоқдамиз. Назаримда, бундан буён иқтисодий кўрсаткичларимизни Қозоғистон билан эмас, юқори суръатларда ўсaётган Қирғизистон билан солиштириб боришимиз ва мусобақалашишимиз ўринлироқ», – дейди у.

Агар сўм мустаҳкамланишда давом этса, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақи Қирғизистон кўрсаткичларига етиб олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилдан кейин сўм доллар курсининг кунлик ўзгариш диапазони анча кенгайгани ва миллий валюта июлда барқарорлашгани ҳақида хабар берилган эди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.