Энди платформада насия, бўлиб тўлаш, суғурта ва хавфсиз тўлов хизматлари босқичма-босқич жорий этилиши кутилмоқда.
Лондон фонд биржасида рўйхатдан ўтган TBC Bank Group («ТBC PLC») Ўзбекистондаги энг йирик онлайн эълонлар платформаси OLX Ўзбекистoннинг назорат пакетини сотиб олиш бўйича келишувга эришди. Битим Prosusга қарашли OLX Group билан имзоланди.
Қайд этилишича, битим Titan Investments халқаро инвестиция ҳолдинги билан қўшма корхона орқали амалга оширилган. Банк матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу келишув мамлакатда сўнгги ўттиз йилда амалга оширилган энг йирик қўшилиш ва сотиб олиш жараёнларидан бири ҳисобланади. Келишув якунланиши учун зарур тартибга солувчи органлардан рухсат олиниши ку.
Шартнома кўра, натижада OLX Uzbekistan акцияларининг 100 фоизи ҚКга ўтади. TBC назорат пакетини (50 фоиз + 1 акция), Titan Investments эса қолган улушни олади. Сотувчи Prosus таркибига кирувчи OLX Group бўлди.
Нега OLX Uzbekistan сотувга қўйилди?
Ўзбекистондаги OLX 2015 йилдан бери Prosus Нидерландия компаниясига тегишли бўлган. OLX Uzbekistanʼнинг сотувга қўйилишига асосий сабаб Prosusнинг глобал инвестицион стратегиясидир. Prosus доимий равишда турли мамлакатлардаги бизнес лойиҳаларга кириб-чиқади: сотиб олади, ривожлантиради ва қулай фурсатда бошқа инвесторга сотиб юборади. Бу компания учун оддий «кириш–чиқиш» модели ҳисобланади.
Prosus бир неча йил аввал ОLХ India ва OLX Indonesiaʼни сотган эди. Энди эса у Ўзбекистон бозоридан чиқишга қарор қилди. Сабаби, Prosus учун бу ҳудуд стратегик устуворликка эга эмас, компания эътиборини бошқа йирик ва тез ўсаётган бозорлар ҳамда технологик лойиҳаларга қаратмоқда.
Шунинг учун OLX Uzbekistan сотувга қўйилди ва янги эгаси сифатида TBC Bank Group ҳамда Titan Investments танланди. Улар ОLХни нафақат сақлаб қолишни, балки ўз экотизимлари билан уйғунлаштириб ривожлантиришни мақсад қилган.
TBC бундан қандай фойда кўзлаган?
Ушбу келишув TBC Ўзбекистонга янги мижоз сегментларига чиқиш имконини беради. OLX Uzbekistan мамлакатда энг кўп ташриф буюриладиган олтинчи сайт бўлиб, ойига 5,4 миллион фаол фойдаланувчи ва 2,2 миллион фаол эълон билан хизматлар, товарлар, транспорт ва кўчмас мулк бозорида етакчи майдонча ҳисобланади. Платформа Ўзбекистоннинг фаол интернет фойдаланувчиларининг 20 фоизидан ортиғини қамраб олади.
Энг оддий мисол: кимдир ОLХда Iphoneʼни сотувга қўйди. Кимдир бошқа сотиб олмоқчи, лекин пули етмаяпти. Мана бу ерга «Payme насия орқали бўлиб тўлашга сотиб олиш» тугмасини қўшиш мумкин.
Бундай имкониятлар жуда кўп: одамлар ва компаниялар учун кредитлар, суғурта, таҳлил ва бошқалар.
Яъни бир сўз билан айтганда, TBC нинг асосий мақсади — кучли экотизимни яратиш.
TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани битим ҳақида шундай деди:
«Бугунги кунда бизнинг экотизимимиз 21 миллион ноёб фойдаланувчини қамраб олади – бу Ўзбекистон аҳолиси ярмидан кўпроғини ташкил этади. Биз тезкор ўсишда давом этяпмиз ва мижозларимизга молиявий ҳамда турмуш эҳтиёжларини ягона қулай платформа орқали ҳал қилиш имконини яратмоқдамиз. OLX Uzbekistanʼни сотиб олиш – кенгайиш ва диверсификация стратегиямиздаги навбатдаги мантиқий қадамдир».
OLX да қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?
ОLХни TBC Bank Group сотиб олганидан кейин платформа оддий эълонлар сайтидан янада ривожланган электрон савдо майдонига айланиши кутилмоқда. Энди харидорлар маҳсулотни нафақат бир йўла тўлаб олиш, балки TBC ва Payme орқали бўлиб тўлаш ёки насия асосида харид қилиш имкониятига эга бўладилар. Бу эса платформадаги савдолар ҳажмини сезиларли оширади.
Шунингдек, қимматбаҳо маҳсулотлар учун суғурта хизматлари жорий этилиши, битимларнинг хавфсизлиги эса махсус тўлов воситалари орқали кучайтирилиши мумкин.
TBC экотизимига кириш Payme, TBC Sug‘urta, BILLZ каби хизматлар билан уйғунлашув натижасида OLX нафақат жисмоний шахслар, балки кичик ва ўрта бизнеслар учун ҳам самарали воситага айланади. Бу интеграция орқали сотувчилар кўпроқ мижозга чиқиш, харидорлар эса қулайроқ ва ишончлироқ харид қилиш имкониятига эга бўладилар.
Умуман олганда, TBC оддий мулкдор сифатида эмас, балки стратегик инвестор сифатида OLXни фаол ривожлантиришга маблағ киритаётгани сабабли, платформада узоқ вақтдан бери кутилаётган янгиликлар ва қулайликлар босқичма-босқич жорий қилиниши ку.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.