Тугатилган «Евроосиё банки», ТИВ баёноти ва 38 миллионга етган ўзбеклар — 28 август дайжести

22:00 | 9 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest

Сўмнинг мустаҳкамланиши нималарга таъсир қилади?

Ўтаётган ҳафтада Ўзбекистон сўми АҚШ долларига нисбатан бироз мустаҳкамланди, лекин бошқа валюталарга нисбатан қадрсизланишда давом этмоқда. 2025 йилнинг январидан буён миллий валюта долларга нисбатан тахминан 4 фоизга мустаҳкамланган, аммо сўм курсини баҳолашда фақат номинал курс эмас, балки реал валюта курсига ҳам эътибор қаратиш зарур. Шунингдек, сўмнинг ўзгаришига нафақат доллар қиймати, балки ички ва ташқи иқтисодий омиллар ҳам таъсир қилган.

Таҳлилларга кўра, январ–апрел ойларида реал курс қадрсизланган бўлса, май–июньда мустаҳкамланиш кузатилган, аммо июлда қайта қадрсизланиш кузатилган. Сўмнинг қирғиз сўмига нисбатан мустаҳкамланиши эса икки давлатдаги ўртача иш ҳақи фарқини камайтирмоқда. Батафсил мазкур мақолада танишишингиз мумкин.

 

UZCARD тизими ишламай қолди

Бугун бир неча соат давомида Uzcard тўлов тизими ишламай қолди. Компания тизимда режадан ташқари профилактика ишлари олиб борилаётганини маълум қилди, шу сабабли банкоматлар, POS ва E-POS терминалларида вақтинча узилишлар кузатилган. Фуқаролар карталаридан мобил иловалар ёки терминаллар орқали тўлов амалга ошира олмаган, Uzcard расмий сайти ҳам вақтинча ишламаган.

UZCARD — мамлакатда энг йирик тўлов тизимларидан бири бўлиб, унинг ишидаги узилишлар аҳоли ва бизнеснинг кундалик молиявий фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин.

 

«Евроосиё банки» Ўзбекистондаги фаолиятини тугатишини эълон қилди — сабаблар

«Евроосиё банки» Ўзбекистондаги фаолиятини тугатишини эълон қилди. Марказий банкнинг хабар беришича, банк устав капитали қонунчиликда белгиланган энг кам миқдорга етказилмаган ва банк фаолиятига оид бошқа талаблар бажарилмагани сабабли лицензия қайтариб олинган. Шу билан бирга, банкнинг Ўзбекистондаги фаолиятидаги молиявий кўрсаткичлар ҳам салбий бўлиб, биринчи ярим йилда 51,6 млрд сўм зарар қайд қилинган.

Банк атрофидаги низолар ҳам авжида, жумладан «Евроосиё молиявий компанияси»нинг акциядорлари орасидаги келишмовчиликлар судда муҳокама қилинмоқда. «Евроосиё банки» расмий сайтида Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатиб, асосий эътиборни Қозоғистон бозорига қаратиши ҳақида маълум қилган. Бу таҳлил ва компания атрофидаги воқеалар ҳақида батафсил маълумотни мақоланинг тўлиқ версиясидан билиб олишингиз мумкин.

 

Ўзбекистон ТИВ Россияда сўкиш эшитган ҳайдовчи видеосидан сўнг баёнот берди

Россияда маҳаллий рус фуқароси ўзбекистонлик мигрантга қарата «сен русларнинг қулисан», деб айтганидан сўнг ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида эътирозлар кучайди. Кеча Лавров билан гаплашган Саидов воқеага тўхталмагач, бугун Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби воқеага умумий тарзда муносабат билдирди.

Вазирлик матбуот котибининг таъкидлашича, агар чет элда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ёки қонуний манфаатлари бузилса, улар дарҳол ўша давлатнинг ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига мурожаат қилиши лозим. Бу орқали улар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўладилар. Зарур ҳолларда фуқаролар Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасаларига мурожаат қилиб, ҳуқуқий ва консуллик ёрдамини олишлари мумкин. Вазирлик бу хизматлар ҳар бир фуқаро учун очиқ ва бепул эканини қайд этди.

 

Ўзбекистон аҳолиси 38 миллион кишига етди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йил 28 август соат 9:35 ҳолатига Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси 38 миллион кишини ташкил этди. Бу аҳоли сонидаги янги тарихий белги сифатида қайд этилди.

Расмий маълумотга кўра, аҳоли таркибининг 19 миллион 136 минг 800 нафари эркаклар бўлса, 18 миллион 863 минг 200 нафари аёллардир. Шунга кўра, мамлакатда эркаклар сони аёлларга нисбатан 273 минг 600 нафарга кўп экани қайд этилди.

Президент 523 маҳкумни афв этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мустақилликнинг 34 йиллиги муносабати билан жами 523 маҳкумни афв этиш тўғрисида фармон имзолади. Улардан 195 нафар киши жазодан тўлиқ озод қилинса, 147 нафари шартли равишда эркинликка чиқарилди. Шунингдек, 87 нафар маҳкумнинг жазоси енгилроқ турга алмаштирилди, яна 94 нафарининг қамоқ муддати қисқартирилди.

Афв этилганлар орасида 45 нафар аёл, 31 нафар 60 ёшдан ошган киши ва 220 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар бор. Шу жумладан, битта вояга етмаган шахс ҳам афв қилинди. Эътиборли жиҳати, улар орасидан 8 нафар чет эл фуқароси, хусусан, Тожикистондан 6 ва Сьерра Леонедан 1 киши ҳамда тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган 15 шахс ҳам бор.