Белгиланган меъёрларга амал қилмаган «Евроосиё банки» лицензияси қайтариб олиниб, уни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Марказий банк ахборот хизмати маълум қилди.
Марказий банк Бошқарувининг 2025 йил 27 августдаги қарорига асосан «Евроосиё банки» акциядорлик жамиятидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинди.
Қарорга асосий сабаб сифатида банкнинг устав капитали миқдори қонунчиликда белгиланган минимал талабларга мувофиқлаштирилмагани кўрсатилган. Шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар ҳам бажарилмагани қайд этилган.
Марказий банкнинг маълум қилишича, мазкур қарор «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги ҳамда «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонунлар асосида қабул қилинган. Шу билан бирга, банкни мажбурий тугатиш ва махсус тугатиш комиссиясини тайинлаш белгиланди.
Маълумот учун, «Евроосиё банки» 2024 йил 11 январда Марказий банкдан лицензия олган эди. Банкнинг Низомида Низом жамғармаси 200 млрд сўм қилиб белгиланган.
Шу тариқа, Ўзбекистонда амал қилаётган тижорат банклари сони 36 тадан 35 тагача камайди.