Афғонистонда 31 август куни кечаси 6 магнитудали кучли зилзила содир бўлиб, Кунар ва Нангарҳор вилоятларида камида 622 киши ҳалок бўлди, 2 800 дан зиёд одам яраланди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Зилзила эпимаркази Кунар вилоятида, Покистон билан чегарадош тоғли ҳудудда, ер юзидан 10 км чуқурликда қайд этилган. Зилзила оқибатида кўплаб қишлоқлар ер билан яксон бўлди, уйлар вайрон бўлиб, аҳоли уйсиз қолди. Маълумотларга кўра, Кунарда 610 нафар одам ҳалок бўлган, Нангарҳорда эса 12 киши вафот этган.
Ҳарбий қутқарув гуруҳлари бутун ҳудуд бўйлаб жонлантирилган, 40 та парвоз орқали 420 нафар жароҳатланган ва ҳалок бўлган шахслар кўчирилган. Reuters тарқатган тасвирларда вертолётлар ва ҳарбийлар жабрланганларни тез ёрдам машиналарига олиб кетаётгани кўрсатилган.
Кобулдаги расмийлар энг узоқ қишлоқларга қутқарувчилар етказишга уринаётганини билдирмоқда. Бироқ Афғонистоннинг молиявий ва гуманитар қийинчиликлари, халқаро ёрдамнинг кескин камайиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Ҳозиргача хорижий давлатлардан расмий ёрдам таклифи келмагани ҳам қайд этилмоқда.
Мамлакатда бундан олдинги энг ҳалокатли зилзила 2022 йил июн ойида қайд этилган эди. Ўшанда 6,1 магнитудали зилзилада 1 000 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Афғонистон Ҳиндукуш тоғ тизмаларидаги сейсмик жараёнлар туфайли доимий хавф остида турибди.