АҚШ Ғазо секторида 10 йиллик протекторат ўрнатишни режалаштирмоқда

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Трамп маъмурияти Фаластин экславидаги 2 миллион аҳолини вақтинча кўчириш ва 100 млрд долларлик инвестиция жалб этишни кўзламоқда.

Trump gaza1

The Washington Post манбасига кўра, Доналд Трамп маъмурияти Ғазо секторида Америка протекторатини ўрнатиш ва икки миллион аҳолини вақтинча кўчиришни ўз ичига олган радикал режани ишлаб чиққан. Ушбу лойиҳа GREAT Trust (Gaza Reconstitution, Economic Acceleration and Transformation Trust) деб номланган.

Ҳужжатга кўра, протекторат камида 10 йил амал қилади ва АҚШ бевосита маблағ киритмайди. Унинг ўрнига, камида 100 млрд доллар хусусий инвестиция жалб қилиниб, инвесторларга 4 баробар даромад тақдим этиш мўлжалланган.

Лойиҳанинг асосий нуқтаси — аҳолини бутунлай кўчириш. Уларнинг мулки учун «рақамли активлар» таклиф қилиниб, бу активлар орқали бошқа давлатларда ёки қайта қуриладиган «ақлли шаҳарлар»да уй харид қилиш мумкин бўлади. Шунингдек, ҳар бир кўчирилаётган шахсга 5 минг тўлов доллар ва субсидия берилади.

Трамп режасида ҲАМАСни ҳокимиятдан тўлиқ четлатиш асосий шарт қилиб белгиланган. Бу Исроил ва АҚШнинг мавқеига мос келади. Режа бўйича Тони Блэр ва Жаред Кушнер фаол иш олиб бормоқда.

Аввалроқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо аҳолисини Жанубий Судан, Эфиопия, Ливия, Индонезия ва Сомалиленд каби мамлакатларга кўчириш юзасидан музокаралар олиб бораётганини айтганди. Бу давлатлар кўчиришга ёрдам эвазига молиявий ва халқаро компенсация талаб қилмоқда.

2025 йил февралида Трамп Нетаняҳу билан қўшма матбуот анжуманида Ғазодан фаластинликларни араб давлатларига доимий кўчириш мумкинлигини айтган. Унинг фикрича, Миср ва Иордания фаластинликларни қабул қилишга рози бўлади.