Ҳиндистон Озарбойжоннинг ШҲТга тўлақонли аъзо бўлишига тўсқинлик қилди

23:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Озарбойжоннинг Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га тўлақонли аъзо бўлиш бўйича аризасига Ҳиндистон яна қарши чиқди.

Azerbaijan sco

AnewZ манбасига кўра, Ҳиндистоннинг бундай позицияси Озарбойжоннинг Покистон билан яқин иттифоқчилик муносабатлари билан боғлиқ. Маълумки, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги тарихий зиддиятлар халқаро ташкилотлар доирасидаги қарорларга ҳам таъсир кўрсатиб келади.

Шу билан бирга, Хитой расман Озарбойжоннинг ШҲТга қўшилиш аризасини қўллаб-қувватлади.

Бунга жавобан Покистон ҳам Арманистоннинг ШҲТга аъзо бўлиш аризасини блоклади.

31 август куни Хитойда ШҲТнинг навбатдаги саммити бошланди. Унда ташкилот аъзолари — Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон ва Беларус раҳбарлари иштирок этмоқда.

Саммитда шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Малайзия бош вазири Анвар Иброҳим ҳам қатнашмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ШҲТ+ йиғилишида сўзга чиқиб, ташкилотга кузатувчи ёки мулоқот ҳамкори мақомида қўшилишни истаган 10 дан ортиқ давлат аризаси кўриб чиқилаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, бу аризаларга самимий ва ҳурматли ёндашиш керак.

Айни вақтда Озарбойжон ШҲТда мулоқот бўйича шерик мақомига эга. Аммо расман кузатувчи давлат мақомини олиш учун ариза топширган эди. Бунга эришиш йўлидаги асосий тўсиқ сифатида айнан Ҳиндистон чиқмоқда.