Ички ишлар органларида дронлардан фойдаланиш йўлга қўйилди

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Жиноятчиликка мойил ҳудудларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва аниқлаш мақсадида дронлардан фойдаланиш бошланди.

Drons

Ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар хавфи юқори ҳудудларда безорилик, экология ва гиёҳвандликка оид қонунбузарликларни олдини олиш ҳамда назорат қилиш мақсадида дронлардан фойдаланмоқда. Ички ишлар вазирлиги Профилактика хизмати бошлиғининг ўринбосари Раҳимжон Наимов маълум қилишича, биринчи бўлиб Бухоро вилоятида дронлардан фойдаланиш бошланган. Бу ташаббус Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йилдаги ҳудудга ташрифи чоғида берилган топшириқ асосида амалга оширилган.

Ҳозирда 5 та вилоятдаги 84 бўлинма дронлар билан таъминланган. Наимов айтишича,  2026 йил охирига қадар мамлакатдаги барча туман ва шаҳар ички ишлар бўлинмалари дронлар билан тўлиқ жиҳозланиши режалаштирилган.

Наимовга кўра, дронлар асосан майда безорилик, экологик қонунбузарликлар, гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ ҳолатларни ҳамда хавфли ҳудудлардаги ҳуқуқбузарликларни назорат қилиш учун қўлланилмоқда. «Дрон орқали осмондан кузатув олиб борилади, инспекторлар эса аниқланган ҳолатларни бартараф этади. Бу усул ҳуқуқбузарликларни олдини олишда самарадорликни кескин оширди», — деди у.

Шу билан бирга, дронларни бошқариш бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилган. Ҳозиргача Бухоро ва Фарғона вилоятларида инспекторлар тайёрланган ва улар сертификат олгандан кейингина дронни бошқариш ҳуқуқига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2015 йилдан бери шахсий тартибда дрон олиб кириш ва фойдаланиш тақиқланган.