Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 сентябр куни Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Афғонистон раҳбариятига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистон шарқида, Покистон билан чегарадош ҳудудда кеча 6,0 магнитудали кучли зилзила содир бўлиб, 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, 1,5 мингдан кўпроғи яраланди. Энг кўп талафот Кунар вилоятида қайд этилган. Қутқарув ишларига вертолётлар жалб қилинган, лекин кўплаб йўллар ёпилгани сабабли айрим ҳудудларга кириш имкони йўқ.
Расмийлар қурбонлар сони яна ортади деб ҳисобламоқда, чунки кўпчилик вайроналар остида қолган. Нангарҳор аэропортидан қутқарув парвозлари амалга оширилмоқда, юзлаб жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган. Зилзила тунда содир бўлгани сабаб кўпчилик уйқуда қолиб, ҳалокатлар сони кўпайган.