Ўзбекистон чегарачилари икки мамлакат чегарасида Қирғизистоннинг икки фуқаросини ушлашга уриниш пайтида уларни отиб ўлдирди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати матбуот хизмати баёнотида келтирилган.
«25 август куни ҳуқуқ-тартибот идораларига Қирғизистоннинг икки фуқароси — Чотқол тумани Айғир-Жал қишлоғи аҳолиси йўқолгани тўғрисида ариза тушган. 28 август куни ишчи учрашув доирасида Ўзбекистон томони чегара вакиллари 15 август куни Ўзбекистон ҳудудида, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегаралари туташган жойда Ўзбекистон чегара хизмати томонидан икки нафар номаълум шахс аниқлангани ҳақида хабар берди. Ўзбекистон томонининг маълумотига кўра, уларни қўлга олишга уриниш пайтида, талабларга бўйсунмаганлиги сабабли, чегарачилар қурол ишлатишга мажбур бўлган. Оқбатда ҳар икки фуқаро ўқ еб, вафот этган», — дейилади баёнотда.
Аниқланишича, 31 август куни бедарак йўқолган Қирғизистон фуқароларининг қариндошлари вафот этганларни таниб олиш учун Ўзбекистонга борган. Марҳумларнинг жасадлари экспертиза ўтказиш мақсадида Қирғизистон томонига топширилган. Ўзбекистон томони вафот этган фуқароларга тегишли бўлган топилган мулк — учта от ва чодирни Қирғизистонга топширишга тайёрлигини билдирган.
Вазирлик маълумотига кўра, икки мамлакат чегара хизматлари 2 сентябр куни содир бўлган воқеа юзасидан қўшма тергов ишларини бошлайди.