1 сентябрдан бошлаб Россия банклари мижозларнинг нақд пул ечиш амалиётларини 48 соатгача блоклаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолат, агар мижознинг хулқ-атвори шубҳали ёки ноодатий деб топилса, амалга оширилади. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳузуридаги НИФИ мутахассиси Олга Дайнеко «Газета.Ru» нашрига маълум қилди.
Мутахассисга кўра, шубҳали ҳаракатлар қаторига тунги вақтда ёки катта миқдорда (50 минг рублдан ортиқ) пул ечиш, аввал фойдаланилмаган усул (масалан, QR-код) орқали ечиш, шунингдек, бир кун аввал кредит олиш ёки катта пулни бошқа банкдан ўтказиш киритилади. Хусусан, 200 минг рублдан ортиқ маблағни омонатдан ҳисобга ўтказиш ҳам шубҳа уйғотади.
Банклар мижоз фаолиятида 6 соат ичида шубҳали белгиларни — нотаниш рақамлардан қўнғироқ, СМС, мессенжерда хабар, «Госуслуги» орқали огоҳлантириш, PIN-кодни бир неча марта нотўғри киритиш кабиларни кузатса, пул бериш вақтинча тўхтатилади.
Бундан ташқари, россияликлар 1 сентябрдан ўз ҳисобидан пул ечиш ва ўтказмаларни тасдиқловчи ишончли шахс тайинлаш имкониятига эга бўлади. Бу шахс операцияни 12 соат ичида тасдиқлаши ёки рад этиши лозим. Опциядан воз кечиш эса бир кундан сўнг амалга оширилади.
Аввалроқ Россия Марказий банки барча тижорат банкларига мижозлар ҳисоблари блокланса, уларга сабабни аниқ тушунтиришни мажбурий қилиб белгилаган эди.