Хитойнинг бир нечта кредит-молия муассасалари Россия билан ҳисоб-китобларни тўхтатди. Бу ҳақда Россия оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Улардан бири «Heihe Rural Commercial Bank» бўлиб, у санкцияларга тушиб қолмаган Россия кредит муассасалари учун вакиллик ҳисобварақларини очишга тайёр бўлган сўнгги Хитой банкларидан бири эди.
Бундан олдин, Хитойнинг бошқа банклари фаолиятини тўхтатганидан сўнг, Россиянинг кичик ва ўрта бизнесининг бир қисми «Heihe Rural» банкига ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, 19 июл куни Европа Иттифоқи Кенгаши «Heihe Rural» банкига крипто-активлар билан боғлиқ хизматлар кўрсатгани учун санкциялар жорий этди. Қарор 9 августда кучга кирди ва шундан бери Европа Иттифоқи фуқароларига мазкур Хитой банки билан ҳар қандай операцияларда иштирок этиш тақиқланди.
Янги чекловлар жорий этилганидан сўнг бир ой давомида «Heihe Rural»да тўловлар одатдагидек амалга оширилди. Бироқ ўтган ҳафта муаммолар юзага келди ва банк пул маблағларини қабул қилишни тўхтатди.
«Heihe Rural Commercial Bank» ўзи «тизимларни янгилаш» жараёнида эканини маълум қилди ва бу жараён якунлангач, вазият ўз ҳолига қайтишини таъкидлади. Аммо хитойликлар аниқ муддатларни кўрсатишдан ўзларини тийишди.
«Heihe Rural Commercial Bank» билан бир қаторда, Европа санкциялари рўйхатига Хитойнинг яна бир банки — «Suifenhe Rural Commercial Bank» ҳам киритилган. Бу банк ҳам Россия Федерацияси учун муҳим аҳамиятга эга эди, чунки у ҳам Россия банклари учун вакиллик ҳисобварақларини очишга розилик берган эди.