Афғонистондаги зилзила қурбонлари 1100 нафардан ошди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Афғонистондаги кучли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 1124 кишига етди. Бу ҳақда Афғонистон Қизил Ярим Ой жамияти маълумотларига таяниб, «Reuters» хабар берди.

Zilzila

Ташкилот маълумотларига кўра, табиий офатда 3251 киши турли даражада жароҳат олган. Шунингдек, 8 мингдан зиёд турар жой вайрон бўлиб, минглаб оилалар бошпанасиз қолди.

Зилзила кеча, 1 сентябрга ўтар кечаси 6,0 магнитудада қайд этилган. АҚШ Геологик хизмати (USGS) маълумотича, офатнинг эпицентри Кунар вилоятидаги Жалолобод шаҳри яқинида жойлашган. Зилзиладан кейин яна 5,2 ва 4,7 магнитудали икки маротаба такрорий силкиниш кузатилган.

Маълумот учун, бу – «Толибон» ҳукумати 2021 йилда ҳокимиятни қўлга олганидан бери юз берган учинчи йирик зилзиладир. Мамлакатда хорижий кучлар чиқиб кетганидан сўнг халқаро ёрдам сезиларли қисқариб, давлат бюджети катта босим остида қолган.

Дипломатлар ва халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, ёрдам ҳажми 2022 йилдаги 3,8 миллиард доллардан бу йил 767 миллион долларга тушган. Бунинг асосий сабаблари сифатида дунёдаги бошқа инқирозлар ҳамда “Толибон” ҳукумати томонидан аёлларга нисбатан жорий этилган чекловлар кўрсатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Толибон» муваққат ҳукумати ҳалок бўлганлар сонини 812 киши, ярадорлар сонини эса 2,8 минг киши деб маълум қилган эди.