Иқтисодчи Отабек Бакировга кўра, Ўзбекистонда ҳам болалар бошқа илғор мамлакатлардаги каби 5-6 ёшдан қабул қилиниши керак. Чунки бу фактор қуйидагиларни ҳисобга олган ҳолда аҳамиятли: болалар тез вояга етиб, акселерация жараёни Ўзбекистонлик болаларга ҳам кучли таъсир қилмоқда. 5-6 ёшда, ҳатто йилнинг январида туғилган болалар иқтидори, жисмоний имкониятларига қарамай йиллар, ойлар йўқотмоқда. Бунинг иқтисодий, ижтимоий қиймати йўқотишларда триллионлар билан ўлчаниши мумкин.
Давлат дастурига кўра, 2030 йилгача ҳар йили 500 минг ўқувчи ўрни яратилиши режалаштирилган, аммо бу болаларнинг мактабга чиқиш ёшини қисқартирадими йўқми-маълум эмас.
Хусусан, кўпгина ривожланган мамлакатларда болалар 5 ёки 6 ёшдан расмий мактабга боришни бошлайдилар ва бу эрта бошлаш ҳам индивидуал ривожланиш, ҳам умумий иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга.
Буюк Британия, АҚШ, Канада, Австралия, Ирландия ва Янги Зеландияда мактабга кириш 5 ёшдан белгиланган бўлса, Япония, Жанубий Корея, Германия, Франция, Италия ва Испания каби мамлакатларда болалар одатда 6 ёшдан бошлайдилар, аммо уларнинг деярли барчаси 3 ёшдан 5 ёшгача мактабгача таълим муассасаси ёки болалар боғчасига борадилар, яъни улар 5 ёшга тўлгунга қадар тизимли таълим муҳитига кирадилар. Швеция, Финляндия, Норвегия ва Дания каби Шимолий давлатлар ҳам расмий мактаб таълимини 6 ёки 7 ёшдан бошлайдилар, аммо 5 ёшдан бошлаб универсал бошланғич таълим дастурларини амалга оширадилар, шунинг учун болалар бошланғич мактабгача таълим тизимига аллақачон интегратсиялашган бўлишади.
5-6 ёшда мактабга бориш иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
- Эрта бошлаш болаларни саводхонлик, ҳисоблаш ва ижтимоий кўникмаларга эртароқ ўргатади, бу эса вақт ўтиши билан кучаяди. Tandfonline нашрининг ёзишича, эрта таълимнинг қўшимча бир ойи ёки муддати ўрта мактаб маълумотларини олиш ва университетга кириш эҳтимолини тахминан 5-6 фоизга оширади.
- Мактабнинг эртароқ бошланиши (плюс универсал болалар боғчаси) ота-оналарни, айниқса оналарни меҳнат бозорига эртароқ киришга сабаб бўлади. Масалан, Шимолий мамлакатларда умумий эрта таълим аёлларнинг юқори меҳнат фаоллигини қўллаб-қувватлаб, ялпи ички маҳсулотни оширди.
- Илк мактаб таълими кам таъминланган оилалар фарзандлари учун бўшлиқни тўлдиришга ёрдам беради. Хусусан, Франция ва Буюк Британия каби мамлакатларда авлодлар ўртасидаги қашшоқликни камайтириш учун 3-5 ёшдан бошлаб универсал мактабгача таълимдан фойдаланилади.
- Нобел мукофоти лауреати Жеймс Ҳекманнинг тадқиқотлари шуни кўрсатадики, эрта ёшдаги болалар таълимига сарфланган ҳар бир доллар жиноятчиликнинг камайиши, соғлиқнинг яхшиланиши ва юқори солиқ тўловлари туфайли узоқ муддатли иқтисодий фойда сифатида 7-10 доллар келтиради.
- Мактаб ёши кичикроқ бўлган мамлакатларда ёшроқ, яхшироқ тайёрланган ишчи кучи бўлиши мумкин, бу эса аҳолининг қариши билан боғлиқ вазиятларда (масалан, Япония ёки Европа Иттифоқи давлатлари) муҳим аҳамиятга эга.
Тадқиқотларга кўра, мактабга эрта борган болалар катта бўлганларида кўпроқ пул топадилар. Бу юқори даромад салоҳияти солиқ тушумларининг кўпайишига ва ижтимоий фаровонликка камроқ боғлиқликка олиб келади, бу эса кенг иқтисодиётга фойда келтиради. Бундан ташқари, эрта таълим жиноятчилик даражасини пасайтиради ва соғлиқни сақлаш натижаларини яхшилайди, бу эса давлат харажатлари юкини янада камайтиради.
Саволга жавобни янада аниқлаштириш учун жамиятшунос олим Абдуғани Холбековга юзландик.
Унинг айтишича, Ўзбекистонда бундан 10-15 йил олдин бу масала кўтарилган ва икки акселерация давомида бу жорий ҳам бўлган. Лекин бу кейинчалик бир қанча норозиликларга сабаб бўлган. Биринчидан, ота-оналарнинг ўзлари норози бўла бошлаган. Чунки беш ёшдан рухсат бергандан кейин бола ҳуқуқига кўра боланинг таълимини тўхтатиш мумкин эмас. Бошладими, давом эттириши шарт. Ота-оналар норозилигининг асосий сабаби беш ёшлик бола физиологик жиҳатдан етти ёшдаги ўқувчи кўтарадиган маълум бир юкни (сумка, дафтар-китоб, сув) кўтара олмас эди. Ҳозирги кунда мактаб сумкаси етти-саккиз килодан кам эмас
Тўғри, айрим болалар жуда олдинлаб кетган. Беш ёшда ҳам, масалан, ёзиш-чизишни яхши билишади. Лекин бу умумий кўрсаткич эмас-да, бу кўпроқ хусусий бир ҳолат. Бу мингтадан биттага тўғри келади.
Учинчи жиҳат шундан иборатки, беш яшар бола ўйин-кулгида кўпроқ ўзини реализация қилади. Ҳа, айрим болалар тез ўзлаштиради, лекин яна қайтараман, бу ҳамма учун қоида эмас. Бу кўпроқ алоҳида қобилиятга эга бўлган вундеркинд болалар учун яхши бўлиши мумкин. Лекин умумий омма учун бу оғир бўлиб қолади. Чунки бола ўша беш ёшда барибир ўйинқароқ бўлади, бу ёшда ота-она хоҳлайдими-йўқми, боладаги ўйин элементи устун бўлади. Бу ҳам ижод. Бола ўйнаганда томоша қилсангиз, унда ҳам мантиқ бор. Бола ўйнаётганда ҳам ақл билан иш қилади, ақлини ишлатишга ҳаракат қилади. Ўйин орқали ривожланади. Эрта мактабга чиққанда ана шу ўйин элементи камайиб кетади. Бола мактабда кўпроқ барибир материални ўзлаштиришга жалб бўлади. У ўйинга йўналтирилган, ундаги майл кўпроқ ундаги ақлий фаолиятга ишлай бошлайди ва бу болада зўриқишга олиб келади. Менимча, беш ёшдан мактабга беришни бир эксперимент қилиб кўриш керак. Натижасини кўриб, бир кичикроқ нимада, туман миқёсида, масалан, Тошкент шаҳрининг, айтайлик, Чилонзор туманида экспериментни ўтказиб, унинг натижалари бўйича кейин қарор қилинса, мақсадга мувофиқ. Ғоя ёмон эмас. Лекин бу ғояни шошмасдан амалга ошириш керак деб ҳисоблайман.
Замон тезлашиб кетди, тушунамиз. Лекин замон тезлашгани бу асосий мотив бўлмаслиги керак. Биринчи ўринда боланинг соғлиғи, умумий ривожланишига эътибор қилиш керак. Фақат ақлий ривожланишига эътибор қилиб, ота-оналар боласини чарчатиб қўйиши мумкин ва бу кейинги боланинг психологик, умуман, умумий ривожланишида маълум бир муаммолар туғдириши мумкин.
Шунингдек, масаланинг иқтисодий тарафлари юзасидан иқтисодчи Валижон Тўрақулов билан ҳам суҳбатлашдик:
«Масаланинг иқтисодий тарафларига келсак, бу нарсани ҳозир бирданига, бирор маълумотларни ўрганмасдан айтишнинг имкони йўқ. Лекин умумий ҳолатда айтиладики, боланинг етти ёшдан мактабга бориши ёмон эмас. Масалан, Кореяда мактабга ўзларининг ёшлари бўйича, саккиз ёшдан берилади. Агар эртароқ мактабга берилса, мамлакатда кадрлар етказиш тезлиги ошиши мумкин.
Лекин менинг фикримча, бу масалада эркинлик берилиши керак. Мана айтайлик, ҳозирги тизимга кўра кўра, бир бола 31 декабр куни туғилган бўлса ҳам, еттига тўлмагани учун қабул қилинмайди. Бир кун кечикканлиги ҳалиги боланинг бир йил йўқотишига сабаб бўлади қайсидир маънода. Аммо бизда таълим тизимида коррупция ҳолатлари камроқ кузатилганида эди, ҳозирги истисно ҳолатни амалга оширса бўларди. Аммо ҳозирги ҳолатимиз учун бу тизимни жорий қилишга ҳали эрта, деб ўйлайман.
Масалага ечим сифатида қонунчиликда хусусий мактабларга олти ёшдан олишга рухсат берилишини таклиф қилардим. Агар имкон бериладиган бўлса, бу бозор талабидан келиб чиқиб, ўз-ўзидан хусусий мактаблар ҳам кўпаяди. Айтмоқчиманки, агар давлатнинг асосий ўйлаётгани, «энди болалар олти ёшдан мактабга чиқадиган бўлса, бироз қийналиб қолади», деган нарса эмас, балки инфраструктура масаласи (ўқувчи ўрни етишмаслиги) бўйича бўладиган бўлса, унда бозорга қўйиб берсин. Бозорга қўйиб бериш нима бўлади? Давлат ўзининг мактаби учун 7 ёшдан олаверади, лекин хусусий мактаблар учун бу нарсани 6 ёш қилиб қўяди. Шунда хусусий мактабларга талаб ошади ва талаб ошганда таклифга монанд хусусий мактаблар ҳам ошади. Бу нарса ўша давлатнинг қайсидир маънода инфраструктуравий масаласини ҳам ечишга ёрдам беради», деди иқтисодчи.
Меҳриноз Фармонова тайёрлади.