Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси божхона омбори божхона режимига жойлаштирилган товарларни бошқа шахсга ўтказилиши тақиқланган айрим товарларни ва ҳолатларни белгилаши мумкин. Ҳукумат бу янги ваколатини биринчи бўлиб автомобилларга нисбатан қўлламоқчи. Мазкур ҳужжат Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
Лойиҳага кўра, қонун лойиҳаси 2025 йил 6 май куни бош вазир томонидан берилган 1725-сонли топшириқ асосида ишлаб чиқилган. Унда енгил автомобилларни божхона омборидан бошқа шахсларга ўтказишга оид тартибларни чекловчи механизм ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
Таъкидланишича, ташаббуснинг мақсади божхона назорати остидаги маҳсулотларни солиқ қонунчилигини четлаб ўтиб расмийлаштириш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олишдан иборат.
Шу билан бирга, қонун лойиҳасига илова қилинган изоҳларда бундай муаммолар юзасидан аниқ фактлар келтирилмаган.
Мазкур қонун лойиҳасининг изоҳлар қисмига фуқаролардан бири қуйидагича изоҳ қолдирган: «Импортга сунъий тўсиқлар қўйиш, импортёрларга ноқулайлик туғдириш, монополистларни қўллаб-қувватлаш учун Вазирлар Маҳкамаси орқали йўл очиш йўлидаги яна бир қадам»? — деган Жаҳонгир Муҳаммедов.