Корея халқ демократик республикаси раҳбари Ким Чен Ин қизи Ким Чжу Э ҳамроҳлигида Хитойга борди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги суратига асосланиб, «Ренхап» агентлиги хабар берди.
Суратда Шимолий Корея раҳбари поезддан платформага тушгач, таркибида қизи ҳам бўлган делегация билан биргаликда юрганини кўриш мумкин. Таъкидланишича, у отаси билан биринчи марта Хитойга ташриф буюрмоқда.
Корея агентлиги маълумотларига кўра, Ким Чен Иннинг зирҳли поезди Пекинга маҳаллий вақт билан соат 16:00 атрофида етиб келган. Хитойда Шимолий Корея раҳбари Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этади.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг таклифига кўра, Ким Чен Инни Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси ва ҳукумати аъзолари кузатиб бормоқда. Бу ташриф унинг кўп томонлама дипломатик форумда илк бор иштирок этиши бўлади.
Пекиндаги тантанали тадбирлар 3 сентябр куни ўтказилади. Тянанмен майдонида ҳарбий парад бўлиб, унда 26 давлат раҳбарларининг қатнашиши кутилмоқда. Улар орасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бор.