Россиянинг Москва шаҳри ва унинг атрофида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун келган муҳожирлар учун 1 сентябрдан бошлаб «Амина» номли махсус мобил иловани ўрнатиш мажбурий бўлди. Бу ҳақда Москва кўп функцияли миграция маркази (ММЦ) маълум қилди. Экспериментал лойиҳа Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Гуржистон, Озарбойжон, Молдова ва Украина фуқароларига тааллуқли.
Янги илова анъанавий рўйхатдан ўтиш тизимини алмаштиради. У орқали фуқаро ММЦ манзилида рўйхатдан ўтади, яшаш манзили ҳақида Ички ишлар вазирлигини хабардор қилади ва энг муҳими, ўз геолокация маълумотларини полицияга узатади. Агар бир неча кун мобайнида геолокация маълумотлари узатилмаса, фуқарога манзилни тасдиқлаш ёки янгисини кўрсатиш талаб этилган хабар юборилади. Агар уч иш куни давомида маълумот келмаса, у ММЦ манзилидан рўйхатдан чиқарилади. Бу каби бузилишлар муҳожирни «назоратдаги шахслар реестри»га киритишга олиб келиши мумкин.
Иловани фуқаролар ўзлари ўрнатиши керак. Авторизация учун ММЦ томонидан берилган «хорижий фуқаро картаси» талаб қилинади. Агар у йўқолса, паспорт маълумотлари орқали рўйхатдан ўтиш мумкин.
Эксперимент ҳозирча фақат Москва шаҳри ва Москва области ҳудудида амал қилади. Агар муҳожир бошқа ҳудудда рўйхатдан ўтса ёки Россияни тарк этса, ММЦдаги рўйхатдан ўтказилиши бекор қилинади. Россия расмийлари бу чораларни «қонунга итоаткор муҳожирлар учун қулай тизим яратиш», деб баҳоламоқда.
Бу орқали муҳожирларга нисбатан назорат фақат техник воситалар билан чекланмайди. Август ойида маълум бўлишича, Россиянинг таълим муассасаларига тарқатилган махсус кўрсатмаларда ўқитувчиларга муҳожир болаларга нисбатан юқори диққат талаб этилади. Хусусан, «анъанавий қадриятлар» ва давлат рамзларига нисбатан таҳқирловчи фикрлар, «Муҳим мавзулар ҳақида суҳбат» дарсларига муносабат ва Россия учун ноодатий кийим-бошлар ҳам мониторинг остига тушади.