Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, шаҳар ҳокими пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари билан тил бириктириб, фуқародан 60 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бу маблағ эвазига у шаҳар марказидаги 35 сотих майдонда жойлашган эски турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини таъминлашга ваъда берган.
Тезкор тадбир чоғида дастлаб МЧЖ раҳбари пулни қабул қилаётганда ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг ҳоким ҳам девонхона мудири орқали пулни олган пайтда қўлга олингани маълум қилинмоқда.
Тергов органлари маълумотига кўра, шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Унга Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди асосида айблов қўйилган. Шунингдек, МЧЖ раҳбари ва девонхона мудири ҳам турли моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.
Тергов доирасида ҳокимнинг бошқа ноқонуний ҳаракатлари ҳам ўрганилаётгани маълум қилинди.
Қайд этиб ўтиш керак, шаҳар ҳокимига жиноят иши қўзғатилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинишидан аввал Халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши сессиясида Анвар Отахўжаевнинг депутатлик дахлсизлиги бекор қилинган. Vaqt.uz манбасига кўра, бу борада депутатлар икки бор йиғилиш ўтказишган. Ўтган жума куни ўтказилган биринчи йиғилишда депутатлар ҳокимнинг дахлсизлигини ечишга рози бўлишмаган. Шу куннинг ўзида иккинчи йиғилишда эса дахлсизликни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган.