Сешанба куни эрталабки савдоларда олтиннинг нархи 3508,7 долларгача кўтарилиб, кейин 3497 доллар атрофида мустаҳкамланди. Бу апрелда қайд этилган рекорд кўрсаткичдан ҳам юқори бўлди.
Муттахассислар нархлар ўсишини долларнинг заифлашиши ва АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини пасайтиришига оид кутилмалар билан изоҳламоқда. Президент Доналд Трампнинг «озодлик куни» тарифлари ҳам бозордаги беқарорликни кучайтирди. Шу билан бирга, Трампнинг Федерал захира раҳбариятига босим ўтказиши ва губернатор Лиза Кукни лавозимдан озод этишга уриниши молиявий тизим барқарорлиги юзасидан хавотирларни оширди.
BNP Paribas’нинг товарлар стратегияси директори Дэвид Уилсон «ҳозирги вазият олтин учун мукаммал имконият яратаяпти» дея таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, иқтисодий ноаниқлик юқори даражада бўлиб, металлга талаб кескин ошиб кетган.
Goldman Sachs таҳлилчилари олтиннинг бир трой унцияси 2026 йил ўртасига қадар 4000 долларга чиқишини башорат қилмоқда. Банк ҳисоботларига кўра, айни пайтда олтинга йирик маблағлар йўналтирилаётган ETF фонди талабни қўллаб-қувватламоқда.
Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, 2024 йилда марказий банклар захираларини кўпайтириб, металл долларнинг ортидан иккинчи энг йирик захира воситасига айланди. Ҳиндистон, Хитой, Туркия ва Польша каби давлатлар энг йирик харидорлардан бўлди.
Сўнгги икки йил ичида олтин нархи қарийб икки баробар ошгани қайд этилмоқда. Бу эса халқаро молия тизимидаги «де-долларизация» жараёни кучайиб бораётганини кўрсатади.