Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам беришга тайёр

19:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистонда содир бўлган йирик зилзила муносабати билан ҳамдардлик эълон қилди.

Uzbekistan

Ўзбекистон минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган даҳшатли зилзила муносабати билан Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда келтирилган.

Вазирлик фожеа юзасидан Ўзбекистон биродар қўшни халқ билан ҳамдард эканини таъкидлади.

«Минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган даҳшатли зилзила муносабати билан Афғонистон халқи ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, жабрланганларнинг тез орада соғайишларини тилаймиз. Биз оғир кунларда биродар Афғонистон халқи билан бирдам бўлиб, ушбу фожиали табиий офат оқибатларини бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигимизни билдирамиз», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон шарқида, Покистон билан чегарадош ҳудудда 31 сентябр куни тунда 6,0 магнитудали кучли зилзила содир бўлиб, 1124 дан ортиқ одам ҳалок бўлди,3251 киши турли даражада жароҳат олган. Шунингдек, 8 мингдан зиёд турар жой вайрон бўлиб, минглаб оилалар бошпанасиз қолди. Энг кўп талафот Кунар вилоятида қайд этилган. Қутқарув ишларига вертолётлар жалб қилинган, лекин кўплаб йўллар ёпилгани сабабли айрим ҳудудларга кириш имкони йўқ.

Расмийлар қурбонлар сони яна ортади деб ҳисобламоқда, чунки кўпчилик вайроналар остида қолган. Нангарҳор аэропортидан қутқарув парвозлари амалга оширилмоқда, юзлаб жароҳатланганлар шифохоналарга етказилган. Зилзила тунда содир бўлгани сабаб кўпчилик уйқуда қолиб, ҳалокатлар сони кўпайган.

Маълумот учун, бу 2021 йилдан бери юз берган учинчи йирик зилзиладир.