Ўзбекистонда қурилиш соҳаси иқтисодиётдаги энг катта «хуфиёна» тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда. 29 август куни Савдо-саноат палатаси ташкил этган очиқ мулоқотда ушбу соҳадаги яширин айланмалар ва солиқдан қочиш ҳолатлари кенг муҳокама қилинди.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг сўзларига кўра, ҳозирда президент қарори лойиҳаси идоралараро келишувдан ўтмоқда. Қурилишдаги хуфиёна иқтисодиёт улуши 41 фоизни ташкил этади. Бу маблағ 97 трлн сўмга тенг бўлиб, бюджет 1,2 трлн сўмдан ортиқ солиқдан маҳрум бўлмоқда. Шунингдек, 203 млрд сўмлик ўғирлик ҳолатлари аниқланган.
Расмий статистикага кўра, қурилиш ташкилотлари сони 2023 йилдаги 33 мингдан 2024 йилда 28 минггача қисқарган. Соҳанинг йиллик айланмаси эса 177 трлн сўмдан 169 трлн сўмга тушиб кетди. Энг муҳим муаммолардан бири — меҳнат бозоридаги ноқонунийлик: 2024 йилда соҳада 322 минг киши норасмий ишлаган, расмийлар эса 294 минг атрофида бўлган.
Шу билан бирга, арзон баҳолар билан уй-жой расмийлаштириш ҳолатлари ҳам очиқланди. Хусусан, 126 минг метр квадратдан ортиқ турар жой — тахминан 10 минг квартира — ҳужжатларда ҳар бир метр квадрат учун 1,2 млн сўм (100 доллардан кам) деб кўрсатилган. Бундай ҳолатлар солиқдан қочиш усули сифатида қайд этилмоқда.
Ҳисоботда айтилишича, 2024 йилда уй-жой бозоридаги 83 фоиз битимларда метр квадрат нархи 8 млн сўмдан паст бўлган. Улардан 39 фоизида 5 млн сўмдан арзон, 44 фоизида эса 5–8 млн сўм оралиғида баҳоланган. Фақат 17 фоиз ҳолатдагина 8 млн сўмдан юқори баҳолар қайд этилган.
Даврон Ваҳобовнинг таъкидлашича, қонуний тадбиркорлар давлатдан ноқонуний бизнесга қарши қаттиқроқ чоралар кўришни талаб қилмоқда. «Норасмий ишловчилар уй-жойни арзонлаштириб таклиф қилишади, аммо бу нарх пасайиши эмас, балки солиқдан қочиш ҳисобига юзага келмоқда», — деди у.
Мутасаддиларнинг фикрича, иқтисодиётнинг «хуфиёна» қисми мамлакат ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмини ташкил эта бошлаган. Унда энг катта улуш қишлоқ хўжалигига тўғри келса, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари 35,9 фоиздан ҳисса қўшмоқда.
Аввалроқ, иккинчи чорак мобайнида бирламчи бозордаги уйлар нархи Тошкент шаҳрида 8,2 фоизлик пасайиш кузатилгани ҳақида .