Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси 0,4 фоизга кўтарилди. Бу эса йиллик инфляция даражасининг 8,8 фоизгача пасайишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, август ойида тухум 2,7 фоизга қимматлашган (йиллик нисбатда –6,6 фоизга арзонлашган). Гўшт маҳсулотларидан товуқ болдири ва сон қисмлари 2,1 фоиз (йиллик 5,8 фоиз), қўй гўшти 1,4 фоиз (28,5 фоиз), суяксиз мол гўшти 0,7 фоиз (25,7 фоиз), суякли мол гўшти 0,2 фоиз (24,9 фоиз)га қимматлашган.
Республика бозорларида мол гўштининг арзонлаштирилган нархларда (1 кг учун 65-75 минг сўм оралиғида) фаол сотилиши ўртача нархлар даражасига таъсир кўрсатган ва гўшт нархининг индекси кескин ошиб кетмаслигига сабаб бўлган.
Август ойида нархи тушган асосий озиқ-овқатлар қуйидагилар: гуруч ва гуруч уни –0,1 фоиз (йиллик –17,2 фоиз), сули ёрмаси 0,2 фоиз (3,6 фоиз), олий навли буғдой унидан тайёрланган нон 0,2 фоиз (2,1 фоиз), карамел конфетлар 0,2 фоиз (3,4 фоиз) ва угра 0,4 фоиз (3,5 фоиз) арзонлашган.
Мева-сабзавот орасидан энг сезиларли ўзгариш 28,7 фоизга (йиллик 9,9 фоиз) қимматлашган тарвузда кузатилган. Қовун 11,7 фоиз (3,7 фоиз)га, карам 11,4 фоиз (46,5 фоиз)га, картошка 3,5 фоиз (32,0 фоиз)га, банан нархлари 2,8 фоиз (-7,0 фоиз)га ошган.
Нархи энг кўп арзонлашган маҳсулот эса момидор бўлган: 16,8 фоиз (-34,7 фоиз). Шунингдек, ой давомида узум 5,4 фоиз (-39,5 фоиз)га, бақлажон 4,3 фоиз (-12,4 фоиз)га, бодринг 3,1 фоиз (-15,3 фоиз)га, сабзи 3,1 фоиз (69,1 фоиз)га, булғор қалампири 2,8 фоиз (-16,0 фоиз)га, пиёз 2,3 фоиз (40,1 фоиз)га, олма нархлари 1,0 фоиз (-16,6 фоиз)га тушиши кузатилган.
2025 йил август ойидан бошлаб, Бухоро вилоятида маиший чиқиндиларни олиб кетиш ва Хоразм вилоятида кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш хизматлари тарифлари ошди. Кўрсатилган хизматларнинг ойлик истеъмол индекси республика бўйича мос равишда 103,0 фоиз ва 100,3 фоизни ташкил этди. Турар жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун материаллар ой давомида 0,4 фоизга ошган.
Ой давомида дори воситалари нархи 0,2 фоиз (8,1 фоиз)га, амбулатор даволаш хизматлари 0,4 фоиз (9,7 фоиз)га ва соғлиқни сақлашнинг бошқа хизматлари 0,6 фоиз (11,6 фоиз)га ошган.
Август ойида нархларнинг энг кўп ошиши (0,7 фоиз) Бухоро вилоятида кузатилган. Йиллик инфляция эса Фарғонада энг юқори: 9,7 фоиз. Охирги бир йилда бошқа ҳеч бир ҳудудда пулнинг қадрсизланиши 9 фоизга ҳам етмаган. Хусусан, пойтахт Тошкентдаги йиллик инфляция 8,7 фоизни ташкил этмоқда.