Ўзбекистонда шaкар ишлаб чиқариш кескин камайди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ишлаб чиқариш ҳажми пасайиши ва импортнинг қисқариши шакар бозорида нархлар ҳамда таъминот барқарорлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Shakar

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда 165,5 минг тонна шакар ишлаб чиқарилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62 минг тоннага камайган.

Сўнгги уч йиллик маълумотлар ҳам соҳада кескин пасайишни кўрсатмоқда. 2023 йилда 332,6 минг тонна шакар ишлаб чиқарилган бўлса, 2024 йилда бу ҳажм 227,8 минг тоннага тушган. Жорий йилнинг олти ойида эса 165,5 минг тоннадан ошмаган.

Шакар импорти ҳам сезиларли даражада камайган. 2025 йил 1 май ҳолатига кўра, мамлакатга 223,9 миллион долларлик шакар ва кондитер маҳсулотлари киритилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,9 фоизга камдир.

Биржа савдолари маълумотларига кўра, 11–17 август кунлари 3 146 тонна шакар сотилган. Кунлик ўртача сотув ҳажми 629 тонна бўлиб, биржа нархи 12 720–12 870 сўм оралиғида шаклланди.

Мутахассислар фикрича, ишлаб чиқариш ва импорт ҳажмининг қисқариши ички бозорга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Аввало, талаб ўзгаришсиз қолган ҳолда нархлар кўтарилиши эҳтимоли юқори. Шунингдек, расмий каналларда таъминот етарли бўлмаса, ноқонуний савдо ва спекулятив нарх белгилаш ҳолатлари кучайиши мумкин.

Шакар қандолат, нон, ичимлик ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий хомашёси ҳисобланади. Ишлаб чиқаришдаги камайиш уларнинг таннархи ва шу билан бирга, истеъмол бозоридаги умумий нархлар ошишига олиб келиши мумкин.