Россия ва Хитой «Сибир қудрати-2» газ қувури бўйича англашув меморандуми имзолади

18:20 | 4 дақиқада ўқилади.

«Газпром» раҳбари Алексей Миллер Хитойга газ етказиб бериш бўйича англашув меморандуми имзоланганини айтди. Аммо лойиҳа юзасидан кўп саволлар қолмоқда.

Sila sibiri 2

Россия ва Хитой «Сибир қудрати-2» газ ҳайдаш қувури қурилиши бўйича тўлиқ ўзаро англашув меморандумини имзолади. Бу ҳақда «Газпром» раҳбари Алексей Миллер маълум қилди. Унга кўра, янги газ қувури йилига 50 миллиард куб метр газ етказиб бериш имконини беради ва Хитой уни 30 йил давомида харид қилади.

Шу билан бирга, «Сибир қудрати-1» орқали экспорт ҳажми 38 миллиарддан 44 миллиардгача оширилади. Шунингдек, «Союз-Шарқ» орқали яна 2 миллиард куб метр қўшимча етказиб бериш режалаштирилган.

Бироқ мутахассисларнинг таъкидлашича, икки мамлакат ўртасида англашув бор, лекин бу газ қувури аниқ қурилишини асло билдирмайди. Икки мамлакат ўртасидаги «тўлиқ ўзаро англашув» ҳақидаги биринчи келишув 2021 йилда эълон қилинган. 2022 йилда РФ бош вазири ўринбосари Новак, кейин эса Владимир Путин «яқин орада» битим тузилишини айтган. Бошида 2024 йилда қурилиш бошланиши режалаштирилганди, деб ёзмоқда PlanBMedia.

Шунингдек, қурилиш амалга ошган тақдирда ҳам, у камида беш йил давом этади. Россия эса газ экспортидан 155 миллиард куб метр ҳажмда мунтазам харид қилиб келган Европани йўқотди ва янги қувур қурилган тақдирда ҳам бунинг фақат учдан бир қисмини қоплайди.

Энг муҳими — нарх масаласи. Миллер унга тўхталмаган. Хитойга газ аллақачон Европага сотилган нархдан 30–40 фоиз арзонига пулланмоқда. «Сибир қудрати-2» қурилишига розилик олиш учун «Газпром» Хитойга янада катта чегирма таклиф қилмоқда.

Хитой эса шошаётгани йўқ: чунки бу ёқда Туркманистондан келадиган рақобатчи лойиҳа ҳам бор. Демак, меморандум — кафолат дегани эмас.