Россияда интернет ва реклама соҳасини тартибга солишга қаратилган қатор янги қонунлар кучга кирди. Уларга кўра, интернетда экстремистик деб топилган материалларни излаш ёки юклаб олиш мумкин эмас. Бундай ҳолат учун фуқаролар 5000 рублгача жаримага тортилиши мумкин.
Онлайн-кинотеатрлар миллий қадриятларга зид деб баҳоланган фильмларни эфирдан олиб ташлайди. Шунингдек, агар бадиий ғоя билан асосланмаган бўлса, китоб ва филмларда тақиқланган моддаларни тилга олиш ҳам ман этилди. Мусиқа соҳасида ҳам тақиқлар жорий қилиниб, айрим ижрочилар асарларини қайта ёзишга мажбур бўлмоқда.
Блокланган ижтимоий тармоқларда реклама жойлаштириш қатъиян ман этилди. Олдиндан берилган эълонлар ҳам олиб ташланиши шарт. Фуқаролар учун жарима 2500 рублгача, мансабдорлар учун 20 минг рублгача, юридик шахслар учун эса 500 минг рублгача белгиланди. VPN хизматларини реклама қилиш ёки улардан фойдаланиш бўйича қўлланмалар тарқатиш учун эса янада катта жарималар назарда тутилган — фуқароларга 80 минг, мансабдорларга 150 минг, компанияларга эса 500 минг рублгача.
Янги қоидаларга кўра, ҳар бир сотиладиган смартфонга MAX мессенжери ва RuStore иловалари олдиндан ўрнатилиши шарт. Шунингдек, SIM-карта ёки шахсий ҳисобларни бошқа шахсга бериш 200 минг рублгача жаримага сабаб бўлиши мумкин. Бундан ташқари, банклар суд қарорисиз ҳисобларни тўсиб қўйиши, мобил операторлар эса абонентларнинг алоқасини узиб қўйиши мумкин.