ШҲТга аъзолик Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатди?

17:30 | 12 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг ШҲТ давлатлари билан савдоси 7 йилда 2,5 баробарга ўсди. Савдо ҳажми 32,5 млрд долларга етиб, асосий шериклар Хитой ва Россия бўлди.

Sco economy

Президент Шавкат Мирзиёев шу йили 31 август – 1 сентябр кунлари Хитойда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида иштирок этди. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳамда рақамлаштиришга оид мавзулар муҳокама қилинди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо-инвестиция ҳамкорлигига оид 7 йиллик маълумотларни таҳлил қилди. 2017–2024 йилларда ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга нималар берди?

Shht 01
Инфографика: Review.uz

 

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари ва унинг кўлами

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) – 2001 йилда ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилот ҳисобланади. Ҳозирги кунда ШҲТ таркибига 10 та давлат аъзо: Беларус, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон.

ШҲТда ҳозирги вақтда Афғонистон ва Мўғулистон кузатувчи давлат мақомига эга бўлиб, ташкилот фаолиятида мунтазам иштирок этмоқда. Шу билан бирга, 14 та мамлакат — Озарбойжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия ва Шри Ланка — ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари сифатида тан олинган.

2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда эса Беларус Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлди. Бу қадам ташкилотнинг геосиёсий нуфузини кучайтириб, унинг қамровини янада кенгайтирди.

Бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатларнинг умумий ҳудуди 34 млн метр квадратдан ортиқни, яъни Евроосиёнинг 60 фоизидан кўпроғини ташкил этади. Умумий аҳоли сони 3 миллиард кишидан ортиқ бўлиб, бу сайёрамиз аҳолисининг тахминан 42 фоизига тенг. ШҲТ мамлакатлари иқтисодиёти эса жаҳон иқтисодиётининг 29 фоизидан кўпроғини ўз ичига олади.

 

Ўзбекистоннинг ШҲТга аъзо давлатлар билан савдо кўрсаткичи қандай?

ШҲТга аъзо мамлакатлар – айниқса Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари – Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари ҳисобланади.

Сўнгги 7 йил ичида савдо ҳажми кескин ўсди. 2017 йилда ШҲТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш 12,9 млрд доллар бўлган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 32,5 млрд долларга етди. Қарийб 2,5 баробар ўсиш қайд қилинди.

Экспорт 5,8 млрд доллардан 9 млрд долларга кўтарилди. Яъни 1,6 баробар ўсди. Импорт эса 7,1 млрд доллардан 23,5 млрд долларга етди, қарийб 3,3 баробар юқори даражага чиқди.

ШҲТ давлатлари билан товар айланмаси улуши умумий ташқи савдода бироз ошган. Яъни сўнгги 7 йилда 48,6 фоиздан 49,4 фоизгача кўтарилди. Аммо экспортдаги улуши қарийб 13 фоиз тушди, импорт эса 10 фоизга ошган.

2024 йилда ШҲТ мамлакатларига йўналтирилган экспорт 9 млрд долларни ташкил этди. Бу умумий экспортнинг 33,4 фоизи. Лекин муҳим бир жиҳат бор: Ўзбекистоннинг олтин экспорти (7,48 млрд доллар) асосан бошқа мамлакатларга йўналтирилади. Агар олтинни ҳисобдан чиқарилса, ШҲТ мамлакатларининг умумий экспортдаги улуши кескин ошиб, 46,3 фоизга етади.

Йиллик солиштиришда ҳам ўзгаришлар бор. 2023 йилда ШҲТ билан савдо ҳажми 32,5 млрд доллар бўлган. 2024 йилда эса атиги 0,1 фоиз ўсиб, 32,5 млрд долларга етди. Экспорт 3,5 фоизга камайди – 9,33 млрд доллардан 9,01 млрд долларга тушди. Аксинча, импорт 1,6 фоизга кўтарилиб, 23,17 млрд доллардан 23,5 млрд долларга чиқди.

 

Энг катта улуш қайси давлатга тўғри келади?

2024 йилда Ўзбекистоннинг ШҲТ мамлакатлари билан савдосида асосий ўринларни уч давлат эгаллади. Энг катта шерик Хитой бўлиб, умумий савдода 12,5 млрд долларлик улуш билан етакчилик қилди. Иккинчи ўринда Россия туриб, 11,6 млрд долларлик кўрсаткич қайд этди. Қозоғистон эса 4,3 млрд доллар билан учинчи асосий шерикка айланди.

Давлат

Ҳажм

Улуш

Хитой 12,5 млрд доллар 38,4 фоиз
Россия 11,63 млрд доллар 35,7 фоиз
Қозоғистон 4,28 млрд доллар 13,1 фоиз

 

Экспорт

Экспорт таркибида ҳам Россия етакчилик қилди – 3,7 млрд доллар. Хитойга экспорт ҳажми 2,1 млрд долларни ташкил этди, Қозоғистонга эса 1,45 млрд доллар маҳсулот чиқарилди. Қирғизистон ва Тожикистонга экспорт ҳажмлари нисбатан кичикроқ бўлса-да, улар ҳам муҳим бозор ҳисобланади: мос равишда 631 млн ва 605 млн доллар.

Давлат

Ҳажм

Улуш

Россия 3,7 млрд доллар 40,9 фоиз
Хитой 2,1 млрд доллар 22,8 фоиз
Қозоғистон 1,45 млрд доллар 16,1 фоиз
Қирғизистон 631,5 млн доллар 7,1 фоиз
Тожикистон 605 млн доллар 6,8 фоиз

Импорт

Импортда эса асосий оқим Хитойдан келди – 10,4 млрд доллар. Бу 44 фоиздан ортиқ маҳсулотлар Хитойдан келади дегани. Россиядан 7,9 млрд долларлик, Қозоғистондан эса 2,8 млрд долларлик маҳсулот ва хомашё олиб кирилди.

Давлат

Ҳажм

Улуш

Хитой 10,43 млрд доллар 44,3 фоиз
Россия 7,95 млрд доллар 33,8 фоиз
Қозоғистон 2,83 млрд доллар 12 фоиз

Бундан ташқари, 2024 йилда ШҲТ мамлакатларидан Ўзбекистонга йўналтирилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар умумий ҳажми 11,4 млрд доллардан ошди. Бу барча хорижий инвестициялар ва кредитларнинг 46,6 фоизини ташкил қилади.

Таҳлилга кўра, ШҲТ давлатлари Ўзбекистоннинг тайёр маҳсулотлари учун асосий бозорга айланди. Масалан, мевa-сабзавот ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари, электротехника буюмлари, тўқимачилик ва автомобил саноати маҳсулотларининг 80 фоиздан ортиғи айнан ШҲТ мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Импорт қилинадиган машина ва ускуналарнинг ярми, жумладан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ҳам ШҲТ мамлакатларидан, асосан Хитойдан кириб келмоқда.

ШҲТ мамлакатлари Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигида ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки умумий озиқ-овқат импортнинг тахминан 70 фоизи шу давлатлар ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, Россия ва Қозоғистондан асосан ёғ-мой ҳамда дон маҳсулотлари олиб кирилган.

 

Аъзо давлатлар билан савдо кўрсаткичи (график)

Shht 02
Инфографика: Vaqt.uz

Хулоса қиладиган бўлсак, сўнгги 7 йилда ШҲТга аъзо давлатлар билан товар айирборлаш 2,5 баробар ўсди. Айниқса Россия, Хитой ва Марказий Осиёда давлатлари асосий савдо ҳамкори сифатида етакчи ўринни эгаллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ президент Хитойга ташрифи мобайнида нималар билан банд бўлиши ва қандай масалалар муҳокама қилиниши ҳақида маълумот берган эдик.

Маҳлиё Ҳамдова тайёрлади.