Сотуви тўхтаган AИ-80 бензини, Афғонистон бўйича Ўзбекистон ТИВ баёноти ва 60 минг доллар билан ушланган шаҳар ҳокими — 2 сентябр дайжести

22:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 02

Энди автомобилларни божхонада бировнинг номига ўтказиш чекланиши мумкин

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги жамоатчилик муҳокамасига янги қонун лойиҳасини тақдим этди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси божхона омборига жойлаштирилган айрим товарларни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ваколатига эга бўлади. Ҳукумат бу ҳуқуқни биринчи навбатда енгил автомобилларга нисбатан қўллашни режалаштирмоқда. Ташаббус 2025 йил 6 май куни бош вазирнинг 1725-сонли топшириғи асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у автомобилларни бошқа шахсларга ўтказиш тартибини чекловчи механизм жорий этишни кўзда тутади.

Ҳужжатга кўра, мақсад солиқ қонунчилигини четлаб ўтиш ҳолатларининг олдини олишдир. Бироқ қонун лойиҳасига илова қилинган изоҳларда бундай муаммоларга оид аниқ мисоллар келтирилмаган. Жамоатчилик фикрида эса турли қарашлар билдирилмоқда. Масалан, фуқаро Жаҳонгир Муҳаммедов бу ташаббусни «импортёрларга сунъий тўсиқлар қўйиш ва монополистларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги қадам» сифатида баҳолаган.

 

Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам беришга тайёр

Ўзбекистон минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган даҳшатли зилзила муносабати билан Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда келтирилган.

«Минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва кенг кўламли вайронагарчиликларга сабаб бўлган даҳшатли зилзила муносабати билан Афғонистон халқи ва ҳукуматига чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз. Ҳалок бўлганларнинг яқинларига чуқур таъзия изҳор этиб, жабрланганларнинг тез орада соғайишларини тилаймиз. Биз оғир кунларда биродар Афғонистон халқи билан бирдам бўлиб, ушбу фожиали табиий офат оқибатларини бартараф этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигимизни билдирамиз», — дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистон шарқида, Покистон билан чегарадош ҳудудда 31 сентябр куни тунда 6,0 магнитудали кучли зилзила содир бўлиб, 1124 дан ортиқ одам ҳалок бўлди,3251 киши турли даражада жароҳат олган. Шунингдек, 8 мингдан зиёд турар жой вайрон бўлиб, минглаб оилалар бошпанасиз қолди. Энг кўп талафот Кунар вилоятида қайд этилган. Қутқарув ишларига вертолётлар жалб қилинган, лекин кўплаб йўллар ёпилгани сабабли айрим ҳудудларга кириш имкони йўқ.

 

Пискент полигонида автосиновлар тўхтатилиши нимани ўзгартиради?

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги 2 сентябрдан Пискент синов мажмуасида автомобиллар текширувини тўхтатишини маълум қилди. Расмий изоҳга кўра, қарор дистрибюторлик ва сервис марказлари сонининг кескин ортиши ҳамда аҳолининг расмий дистрибюторлар орқали ишлаш имконияти пайдо бўлгани билан изоҳланди. Агар 2024 йилгача фақат 3 та марказ 15 модел учун ҳужжатга эга бўлган бўлса, ҳозирда 21 та дистрибютордан ортиқ 100 дан зиёд модел учун сертификат олинган. Иқтисодчи Отабек Бакиров бу жараённи «эски замоннинг ёвуз символлари тугаши» сифатида баҳолади, бироқ жамоатчилик ва мутахассислар айрим саволлар билан чиқишди: энди шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган машиналар қандай тартибда расмийлаштирилади?

Агентлик Kun.uz’га импорт автомобилларнинг синови бутунлай тўхтатилиши ва божхона ҳудудида қайта йўлга қўйилмаслигини айтди. Бироқ ҳозирча расмий меъёрий ҳужжат эълон қилинмагани, автоқисмлар текшируви ҳамда жисмоний ва юридик шахслар олиб кирган автомобилларга қандай қўлланилиши ноаниқлигича қолмоқда. Жамоатчилик фаоли Шухрат Қурбонов ва иқтисодчи Бакиров ҳам шу масалада саволлар билан чиқишди. Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрдан импорт автомобиллар божхона ҳудудида эмас, балки Пискент полигонида текширила бошланганди, бу эса узун навбатлар ва кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлган эди.

«Ўзбекнефтгаз» ниҳоят AИ-80 бензини сотувини тўхтатмоқда

«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти 2025 йил 2 сентябрдан бошлаб AИ-80 русумли бензинни биржа савдолари орқали сотишни тўхтатди. Бу ҳақда компания расмий баёнотида маълум қилинди.

Қарор давлат раҳбарининг «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастури доирасида қабул қилинган. Мазкур дастурда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларига асосланган энергетика сиёсати юритилиши белгиланган эди. Шу боис, компания босқичма-босқич юқори октанли бензинга ўтиш жараёнини бошлади. Маълумотларга кўра, энди биржа савдоларига фақат Ai-92 русумли бензин чиқарилади.

 

Наманган шаҳар ҳокими 60 минг доллар пора олишда айбланмоқда

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, шаҳар ҳокими пойабзал ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари билан тил бириктириб, фуқародан 60 минг АҚШ доллари талаб қилган. Бу маблағ эвазига у шаҳар марказидаги 35 сотих майдонда жойлашган эски турар-жой бинолари ўрнига кўп қаватли уй қуриш ҳуқуқини таъминлашга ваъда берган.

Тезкор тадбир чоғида дастлаб МЧЖ раҳбари пулни қабул қилаётганда ашёвий далиллар билан ушланган. Шундан сўнг ҳоким ҳам девонхона мудири орқали пулни олган пайтда қўлга олингани маълум қилинмоқда.

Тергов органлари маълумотига кўра, шаҳар ҳокими депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилиниб, унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Унга Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди асосида айблов қўйилган. Шунингдек, МЧЖ раҳбари ва девонхона мудири ҳам турли моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши белгиланган.