«Сунъий интеллект кондиционер ўрната олмайди»: дунё бўйлаб Z авлод ҳунар эгаллашга қизиқмоқда

10:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Ҳаво тозаловчи ускуналар, кондицонерлар ва пайвандлаш каби йўналишлардаги касб-ҳунар мактабларига қабул АҚШда йиллик 6,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Hvac

Сунъий интеллект (СИ) офис ишчиларини ишсиз қолдириш хавфини туғдираётган ва баъзи битирувчиларга бошланғич иш ўринларини топишни қийинлаштираётган бир пайтда, дунё бўйлаб ёшлар оммавий равишда ҳунарга ўқитиш дастурларига қизиқиш билан юзланмоқда.

Коронавирус пандемиясигача ҳунар мактаблари бозори деярли бир жойда «қотиб қолган» эди, дейилади «Validated Insights» номли олий таълимга ихтисослашган маркетинг ва тадқиқот компаниясининг март ойидаги ҳисоботида. Энди эса кузги қабул кўрсаткичлари йиллик 6,6 фоизлик ўсиши кутилаяпти.

«Қўлингизни қора мойга ботириб, тер тўкиб ишлаб, чўнтакни қаппайтиришнинг ҳеч қандай уятли жойи йўқ», — дейди Midea компанияси маҳсулотлар бўйича катта менежери Дэвид Рэймс. Midea кондиционер ва музлаткич каби маиший техника ишлаб чиқарувчи бўлиб, ўнлаб ҳунар мактаблари билан ҳамкорликда янги HVAC мутахассисларини ўқитмоқда.

«Сунъий интеллект бизнинг иш ўрнимизни эгаллай олмайди. Чунки СИ кондиционер ўрната олмайди», — дейди у.

Ҳунар мактаблари пайвандлаш, водопровод, кондиционер устаси каби соҳаларга киришни истовчилар учун битта имконият холос. АҚШ Миллий талабалар марказининг маълумотларига кўра, 2020 йилдан буён касб-ҳунарга ихтисослашган икки йиллик коллеж дастурларига қабул 20 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич тўрт йиллик оммавий университетларникидан 10 баробар юқори. Хизмат давомида пул ишлаб олиш имконини берадиган расмий шогирдлик дастурлари ҳам сўнгги йилларда оммалашмоқда.

Айрим ҳунарлар тўрт йиллик олий маълумот талаб қилинадиган касблар билан тенг маош бермоқда. Масалан, 2023 йилда кондиционер мутахассислари (HVAC) учун ўртача йиллик маош 60 минг доллар атрофида бўлган. Бу барча ишчилар учун ўртача маошга яқин. HVAC соҳасида энг кўп маош олувчи 10 фоиз ходимлар йиллик 91 минг доллардан ортиқ иш олади.

Айни пайтда, HVAC мутахассислари танқислиги туфайли уларнинг хизматига талаб юқори. «HVAC пудратчилар нархи анча ошган», — дейди Рэймс.

Бошқа ҳунарлар ҳам яхши даромад келтиради. Масалан, Рэймс ўғли водопровод соҳасида ишлаганидан сўнг 22 ёшида узоқ муддатли инвестициялар учун 55 минг доллар ортиқча маблағ тўплаганини айтди. «Ёшларга шу ҳақда гапирсам, кўзлари катта катта бўлиб кетади», — дейди у.

 

Касб-ҳунарга бурилиш

Zety резюме платформаси ўтказган сўровномада 1000 нафар Z авлоди вакилидан ярмидан кўпи ҳунар соҳаларини жиддий кўриб чиқишга тайёр эканини айтган. Бунда сунъий интеллект хавфи, соҳага киришдаги осонлик ва маош устувор омил сифатида келтирилган.

Zety мутахассиси Жасмин Эскалера буни «СИдан хавотирли бурилиш» деб атайди — ёшлар олий маълумот керакми-йўқми ўзи, деб қайта ўйлай бошлаган. Унинг сўзларига кўра, СИ сабабли кўплаб бошланғич лавозимлар йўқолиши мумкин деган таҳликали тасаввур ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

«Доим мавжуд бўладиган иш деган нарса қолмадими?» — дейди Эскалера. «СИ кўп ишларни ва касбларни ўзгартириши аниқ. Улар бутунлай йўқоладими-йўқми — буниси ҳали номаълум».

Олий маълумот олиш учун катта қарзга ботиш ва кейин маълумотига мос иш топа олмаслик хавфи — Z авлод учун катта савол. Ҳунар эгаларига эса талаб ҳали ҳам юқори. Эскалера айтганидек, «водопроводчилар ҳар доим ишли бўлади».

Stanford университети тадқиқотчилари шу ойдаги илмий мақоласида СИ таъсири катта бўлган мутахассисликларда (масалан, дастурчилар) 22–25 ёшли ёшлар орасида ишсизлик ортаётганини, СИ’га кам таъсирчан соҳа — масалан, ҳамшира ёрдамчиларида эса ўсиш кузатилаётганини аниқлашди.

 

Ҳунар соҳасига кириш

Зетининг сўровида Z авлодга мансуб ёшлар (1998—2012 йил туғилганлар)инг 38 фоизи физик меҳнатга бўлган талабни ҳунар эгаллашдаги асосий тўсиқ деб ҳисоблаган.

Шунга қарамасдан, қизиқиш ҳали ҳам юқори. StrataTech Education Group таълим муассасалари раҳбари Брэндон Миллиганга кўра, талабалар орасида аёллар, мактаб битирувчилари ва ҳатто касб алмаштирмоқчи бўлганлар сони ортиб бормоқда. 2024 йил июлида қабул 7 фоизга ўсган.

«Биздаги дастурлар 7–9 ой давом этади, арзон ва самарали. Бу тўрт йил бакалавр ўқишни истамайдиган, қўл меҳнати билан ишлашни ёқтирадиганлар учун жуда жозибадир», — дейди у.

HVAC, пайвандлаш, электрик, бошқа ҳунарлар бўйича ўқиш 20–25 минг долларга тушади. Электр устачилиги энг машҳур йўналиш.

23 ёшли Дэвид МакЛин StrataTech’нинг Жэксонвилдаги Tulsa Welding School муассасасини икки марта тугатиб, пайвандлаш, HVAC, электрик ва қуёш энергетикаси бўйича тўртта сертификат олган. Виржиния-Бичда хавфсизлик тизимларини ўрнатиш бўйича электрик бўлиб ишлаяпти.

Электрик сифатида иш бошлаганда соатига 20–30 доллардан тўланади, тажриба юқори бўлса 45 доллар ва ундан юқори. Унга иш берувчиси бошқарув бўйича онлайн курсга ўқиши ва аввалги қарзларини тўлашда ёрдам бермоқда. Яқинда ойликка ўтиши кутилмоқда.

«Ҳунар, ҳунардан ризқинг унар», дейишган бобокалонларимиз. Ўзимизда ҳам дипломлиларга иш топиш кундан кунга мушкуллашиб бормоқда. Ҳалол меҳнат билан мўмай даромад кўришда энг яхшиси, кўпчиликка фойдаси тегадиган бирор касбни ёки ҳунарни пухта эгаллаб, ўша соханинг чинакам билимдони бўлиш. Реклама ва мижоз орттириш учун тайёр Instagram бор. Кўпчилик аллақачон шу йўсинда ишламоқда.