Telegram мессенжери жамоаси 12.0 (Android) ва 6.1 (ПК) версияларда катта янгилашни тақдим этди. Энг асосий янгиликлар қаторида стикерлар учун мини-илова, профилга мусиқа қўшиш, совғаларни яхшилаш ва динамик чат мавзулари бор.
Энди фойдаланувчилар ўз профилига чатлардан исталган мусиқани қўшиши мумкин. У профилда исм остида кўринади ва босилса, эски қўшиқлардан плейлист пайдо бўлади. Бу учун аудиони плейер орқали ёки «Сақлаш» орқали профилга жойлаш мумкин.
Шунингдек, фойдаланувчи ўз профилида қайси бўлим (масалан, тарихлар ёки совғалар) биринчи бўлиб кўринишини белгилаши мумкин. Бу функция «Менинг профилим» бўлимида танланади.
Яна бир янгилик — совғалар асосида чат мавзулари яратиш. Telegram’даги коллекцион совғаларга эга бўлганлар уларнинг услубига мос фонлар орқали чат мавзусини яратишлари мумкин. Ҳар бир совға учун алоҳида, эксклюзив дизайн тақдим этилади.
Совғалар бўйича яна бир функция — бошқа фойдаланувчига «юлдузлар» (ички валюта) юбориш орқали унинг совғасини яхшилаш имконияти. Агар қабул қилувчи совғани янгилашни хоҳласа, бу унга бепул бўлади. «Яхшиланмаган» (Upgradeable) филтри орқали трансформация қилиш мумкин бўлган совғалар сараланади.
Совғалар бозорида эса энди ҳар бир элементнинг қайта сотишдаги тахминий қиймати ва ўртача нархлар статистикаси ҳам кўрсатилади.
Янги мини-илова — @Stickers ҳам ишга туширилди. У орқали стикер ва эмодзилар яратиш, мавжуд тўпламлар билан бошқариш ва фойдаланиш статистикасини кўриш мумкин.