Ўзбекистон Пекин шаҳрида Туризм қўмитасининг расмий офисини очди. Марказнинг очилиш маросими 1 сентябр куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга ташрифи доирасида ўтказилди. Тадбирда қўмита раҳбари Умид Шодиев, Пекин ташқи ва маданий савдо ассоциацияси ижрочи директори Чи Лу ҳамда хитойлик туроператорлар вакиллари иштирок этди.
Янги офиснинг асосий вазифаси Хитой туризм бизнесини Ўзбекистон бозорига чиқишига кўмаклашиш, икки мамлакат компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий инвесторларга туризм соҳасидаги имкониятлар ҳақида маълумот тақдим этишдан иборат бўлади. Шу орқали соҳада йирик бизнес-лойиҳаларни амалга оширишга замин яратилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилга қадар Хитойдан келувчи туристлар сонини 3 миллионга етказиш мақсадини қўйган. Солиштириш учун, жорий йилнинг етти ойида мамлакатга Хитойдан 60,8 минг сайёҳ ташриф буюрган.
Икки давлат ўртасида 2024 йил декабрида имзоланган келишув асосида 2025 йил 1 июндан визасиз тартиб кучга кирди. Эндиликда икки мамлакат фуқаролари бир марталик ташрифда 30 кунгача, ярим йил мобайнида эса 90 кунгача қолиш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, авиа йўналишларга талаб ҳам ортиб бормоқда. Aviasales сервисининг маълумотларига кўра, жорий йил бошидан Хитой йўналишларига чипта брон қилиш 66 фоизга ўсган, ўртача авиачипта нархи эса 44 фоизга арзонлашган. Энг кўп талаб кўрилган йўналишлар орасида Гуангжоу етакчилик қилмоқда, Пекин ва Ҳангжоуга ҳам қизиқиш кескин ошган.