Беларус мактаблари бу йил 15 мингта биринчи синф ўқувчисидан айрилди

09:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Беларусда биринчи синфга бораётган ўқувчилар сони 14 фоизга камайди — бу охирги йиллардаги энг йирик демографик пасайишлардан биридир.

Belarus 1 class

Беларусда мактаблар янги ўқув йили арафасида 15 минг нафарга яқин биринчи синф ўқувчисини йўқотди. 2023 йил 1 сентябрда 105 минг бола мактабга борган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 90 мингга тушди. Бу бир йил ичида 14 фоизлик кескин пасайишни англатади.

Мутахассислар буни демографик инқироз белгиси сифатида баҳоламоқда. Яқин қўшни мамлакатлар билан таққослаганда ҳам бу пасайиш ҳайратланарли. Россияда бу йил биринчи синфга бораётганлар сони 16 фоизга, Украинада эса 20 фоизга камайган. Аммо уларда уруш ҳолати мавжуд. Беларусда эса формал жиҳатдан «тўлиқ барқарорлик».

Полшада бу кўрсаткич 7 фоизга, Латвияда 3,5 фоизга, Молдова Республикасида тахминан 5 фоизга пасайган. Беларусда эса биринчи синфга қабул сони 2020 йилдан бери йил сайин тушиб бормоқда — 114 мингдан 90 минггача.

Бу пасайишлар мамлакатдан аҳолининг оммавий чиқиб кетиши билан боғлиқ. 2020 йилдан 2025 йил бошигача камида 600 минг киши Беларусни тарк этган. Шу билан бирга, 2024 йилда фақат 59 минг бола туғилган — бу 2019 йилга нисбатан 1,5 баробар кам.

Сиёсий ва мафкуравий омиллар ҳам рол ўйнамоқда. Кўплаб оилалар болаларини давлат патриотик таълимидан сақлаш учун хорижга кўчиб кетмоқда. Айрим мактабларда болаларга мобил телефонлар тақиқланади, биринчи дарсда эса Лукашенкога хат ёзилган.

Аввалроқ Россия мактабларида янги ўқув йилини 1,5 миллионга яқин биринчи синф ўқувчиси бошлагани ва бу сўнгги икки йилдаги энг катта пасайиш бўлгани ҳақида хабар берган эдик.