Довут-ота постидаги чекловлар йил охиригача узайтирилди

13:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон билан чегарадаги Довут-ота постида йўловчи ва енгил транспорт воситалари ҳаракати чекловлари йил охиригача узайтирилди.

Dovud ota

Ўзбекистон Божхона қўмитаси маълумот беришича, Қозоғистоннинг Тажен постига туташ Довут-ота назорат-ўтказиш пункти 2025 йил 31 декабргача ёпиқ қолади. Бу қарор чегара инфратузилмасидаги қурилиш ва реконструкция ишлари туфайли хавфсизликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Маълумотга кўра, февралдан бери мазкур пост орқали фақат юк автомобилининг 3,5 тоннандан ортиқ бўлганлари ҳаракатланиши мумкин. Йўловчилар ва енгил автомашиналар учун эса чеклов сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, Нукус-Бейнеу йўналишида қўшимча йўловчи поездлари қатнови йўлга қўйилган.

Июн ойида Довут ота постида реконструкциянинг иккинчи босқичи бошланган бўлиб, маъмурий биноларни капитал таъмирлаш ҳамда йўл қопламаларини бетонлаш ишлари олиб борилмоқда. Аввалроқ постда янги 6 гектарлик божхона терминали ишга туширилган эди, у 350 тагача юк машинасини қабул қилиш имкониятини беради.

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йилда Ғишткўприк, Навоий, Довут-ота, Шовот ва Гулбаҳор постларида қўшимча коридорлар қурилиб, ўтказувчанлик беш баробарга оширилишини айтган. Январдаги йиғилишда эса транспорт вазири Илҳом Махкамов электрон навбат ва онлайн кузатув тизимлари жорий этилишини маълум қилган эди.