Германияда AfD партияси номзодлари орасидаги ўлимлар шубҳаларга сабаб бўлмоқда

18:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Германияда маҳаллий сайловлар арафасида Германия учун муқобил (Alternative für Deutschland, AfD) партиясидан олти номзод вафот этди, бу эса жамоатчиликда шов-шувларга сабаб бўлди.

Alternative für deutschland

Германиянинг энг йирик федерал ҳудудларидан бири — Шимолий Рейн—Вестфалияда 14 сентябр куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар олдидан ултраўнгчи «Германия учун муқобил» (AfD) партиясидан олти номзоднинг ўлими қайд этилди. Ҳодисалар юзасидан полиция шубҳали ҳолат йўқлигини таъкидламоқда, бироқ бу ҳолат ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Маълумотларга кўра, дастлаб тўртта асосий номзод, кейинчалик яна икки захира номзод ҳаётдан кўз юмган. Полиция маълумот беришича, ўлимлар табиий сабабларга боғлиқ бўлган ёки оилавий махфийлик сабабли оммага ошкор қилинмаган. Бироқ сайлов бюллетенлари қайта босилишига ва айрим почта орқали овоз берадиган сайловчилар учун жараённи такрорлашга тўғри келган.

Маҳаллий ички ишлар вазирлиги бошқа партиялардан ҳам бир неча номзодларнинг вафот этганини маълум қилган, жумладан, «Яшиллар» ва социал-демократлар сафида ҳам шундай ҳолатлар қайд этилган. Ҳар қандай ҳолда, AfD атрофидаги фавқулодда ўлимлар оқибатида турли муаммоли тахминлар тарқалди.

Партия етакчиларидан бири Кай Готтшалк BBC’га берган интервюсида, партия полициядан расмий текширувни талаб қилганини, аммо «негатив назариялар»га берилиш керак эмаслигини айтди. Шу билан бирга, партия етакчиси Алис Вайдел ҳолатга изоҳ бермасдан, иқтисодчи Штефан Ҳомбургнинг «бу даражадаги ўлимлар статистик жиҳатдан деярли имконсиз», деган фикрини тарқатди.

Шимолий Рейн—Вестфалиядаги сайловлар мамлакат сиёсий кайфиятининг синови сифатида баҳоланмоқда. 2022 йилдаги маҳаллий сайловларда AfD бу ҳудудда 5,4 фоиз овоз олган эди. Бироқ 2024 йилдаги умуммиллий сайловларда партия 16,8 фоиз овоз тўплади. Сўровлар шу рақам яна такрорланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Партия АҚШдаги Доналд Трамп бошчилигидаги республикачи маъмуриятнинг ҳам қўлловига эга. Ҳатто Илон Маск ҳам партияни очиқ қўллаб-қувватлаб, Германиянинг келажагини AfD билан боғлаган эди.

2024 йил май ойида Германия Конституцияни ҳимоя қилиш хизмати ўлтраўнг миллатчилар партияси бўлмиш AfDʼни демократик тузумга таҳдид солувчи экстремистик ташкилот, деб эълон қилган эди. Аммо партия бу қарорни судга берган ва ҳозирча бу таъқиб вақтинча тўхтатилган.

Партия Ҳитлер издошлари дея ном қозонган, масалан мигрантларга қарши эканлиги маълум. Айрим фитна назарияларига кўра, бу олтита ўлимда яҳудийларнинг қўли бўлиши мумкин.