Ислом Каримовни хотирлаган Лола, уй-жой харидида бериладиган кешбек ва Телеграмингиздан «.apk» юбориб пул ўғирлаётганлар — 3 сентябр дайжести

22:00 | 8 дақиқада ўқилади.

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Dayjest 3

Довут-ота постидаги чекловлар йил охиригача узайтирилди

Қозоғистон билан чегарадаги Довут-ота постида йўловчи ва енгил транспорт воситалари ҳаракати чеклови 2025 йил 31 декабргача узайтирилди. Божхона қўмитаси маълумотича, қарор хавфсизликни таъминлаш ва чегара инфратузилмасини янгилаш ишлари сабаб қабул қилинган. Февралдан бери постдан фақат 3,5 тоннандан ортиқ юк автомобиллари ўта олади, йўловчилар ва енгил машиналар учун эса чеклов сақланмоқда.

Июндан бошлаб постда реконструкциянинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда: маъмурий бинолар таъмирланмоқда, йўл қопламалари бетонланмоқда. Илгари бу ерда янги 6 гектарлик терминал ишга туширилган бўлиб, у 350 та юк машинасини қабул қилиш имкониятига эга. Шу билан бирга, Нукус–Бейнеу йўналишида қўшимча поездлар қатнови йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда уй-жой харидларига кэшбек жорий этилиши мумкин

Ўзбекистонда уй-жой харидларига кэшбек тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Савдо-саноат палатаси ва қурилиш соҳаси вакиллари иштирокидаги мулоқотда билдирилишича, ҳозирда уй-жойларнинг атиги 10 фоизи расмий равишда ҚҚС билан сотилади, қолган қисми эса солиқсиз амалга оширилмоқда. Палата раиси Даврон Ваҳобовнинг айтишича, кэшбек орқали фуқаролар қурилиш компанияларидан ҳисобварақ-фактура талаб қилади ва битим суммасининг 5−6 фоизини қайтариб олиш имконига эга бўлади. 

Шу билан бирга, қурилиш соҳасида яширин иқтисодиёт ҳажми 97 трлн сўмга етгани маълум қилинди. Унга кўра, 1,2 трлн сўм солиқ яширилган, 203 млрд сўм эса талон-торож қилинган. Ҳисоботларда минглаб объектларда ишлар камайтириб кўрсатилган ёки умуман рўйхатга олинмагани қайд этилмоқда.

Тошкентда «.apk» вирусли дастури орқали одамлар пулини ўмариб келган жиноий тўда қўлга олинди

Тошкентда «Хавфсиз киберҳудуд» тадбирлари давомида одамларнинг маблағларини «.apk» вирусли дастури орқали ўғирлаб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Тергов маълумотларига кўра, улар 133 дан ортиқ фуқаронинг банк картасига боғлиқ маълумотларини қўлга киритиб, тахминан 3 млрд сўм ўмарган.

Киберхавфсизлик маркази айтишича, дастур орқали SMS ва қўнғироқлар назорат қилинган ҳамда Telegram-гуруҳларга уланиб ишлатилган. Гуруҳ таркибида 11 нафар турли давлат фуқаролари бўлган. Ҳуқуқ-тартибот органлари уларнинг уйларидан мобил қурилмалар ва далиллар топган. Жиноят иши қўзғатилиб, тергов давом этмоқда.

 

ТИВ Россияга ўзбекистонликларни ҳақорат қилган шахс бўйича нота йўллади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияга ўзбекистонлик такси ҳайдовчисини ҳақорат қилган шахс бўйича расмий нота йўллади. Вазирликнинг маълумотича, август ойи охирида тарқалган видео жамоатчиликда катта муҳокамаларга сабаб бўлган. Нотада видеода акс этган шахсни аниқлаш ва унга нисбатан қонуний чора кўриш талаб қилинган. 

ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов фуқароларга мурожаат қилиб, қайси давлатда бўлишидан қатъи назар, ўзбекистонликлар давлат ҳимоясида эканини таъкидлади. Шу билан бирга, хорижда ҳуқуқ ва манфаатлар бузилган тақдирда, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарига мурожаат қилиш кераклиги эслатилди. Тошкентнинг нотаси орқали Россиядан аниқ чоралар кўрилиши талаб қилинмоқда.

 

«Отам Ўзбекистонни фуқаролар уруши ва Сурия тақдири бошига тушишидан асраб қолди» — Лола Каримова

Лола Каримова-Тилляева отаси, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаб, ижтимоий тармоқда видеомурожаат эълон қилди. Унда отасининг мамлакатни фуқаролар уруши ва Яқин Шарқдаги баъзи давлатлар, хусусан Сурия бошидан кечирган фожиалар тақдиридан асраб қолганини таъкидлади. Шунингдек, у Каримов сиёсатини ёмон кўрсатишга уринаётган буюртма суҳбатлар, бўҳтонли интервюлар ва «троллар» фаолияти кузатилаётганини қайд этди.

Каримова отаси доно ва қатъиятли раҳбар бўлгани, мустақилликнинг илк йилларида Ўзбекистон босиб ўтган йўл унинг сиёсий етуклиги ва узоқни кўра билиши билан боғлиқлигини айтди. У бугунги кунда ҳам Каримов сиёсатининг аҳамиятини чуқур англаётганини билдириб, хотирасини эзгулик ва миннатдорлик билан ёдга олишга чақирди.