Марказий банк банк тизимидаги коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабабларни таҳлил қилиш мақсадида сўровнома ўтказди.
Унда республика бўйича 6 минг 438 нафар респондент қатнашган. Иштирокчиларнинг асосий қисми – қарийб 59 фоизи давлат хизматчиси, 26 фоизи тадбиркорлар, 8,3 фоизи банк-молия соҳасидагилар, қолганлари эса талаба ва ишсизлардан иборат.

Банк хизматларини рақамлаштириш ҳолатини иштирокчиларнинг 69,5 фоизи ижобий баҳолаган, 24 фоизи эса қониқарли даражада деб ҳисоблайди. Атиги 6 фоиздан ортиқ респондентлар «қониқарсиз» деган фикрни билдирган.
Банк хизматларининг қайси турида коррупция хавфи юқори?

Сўровномага кўра, аҳолининг банк хизматларида коррупция хавфи қайси соҳаларда юқори эканини баҳолашида кескин тафовут кузатилди. Энг катта хавф кредит маҳсулотлари билан боғлиқ деб топилди — жавоб берганларнинг қарийб ярми, яъни 49,4 фоизи (3 182 нафар) шу йўналишда коррупция хавфи мавжудлигини таъкидлади.
Иккинчи ўринда «бошқа хизмат турлари» (лизинг, факторинг, лойиҳаларни молиялаштириш, конверсион амалиятлар ва бошқалар) қайд этилди. Ушбу йўналишда 42,7 фоиз (2 752 нафар) иштирокчи коррупция хавфини юқори, деб ҳисоблаган.
Шу билан бирга, банк карталари хизматлари бўйича 7,3 фоиз (473 нафар), ҳисоб-китоб ва касса хизматлари бўйича 6,6 фоиз (424 нафар) жавоб берувчилар хавф борлигини билдирган.
Энг паст кўрсаткич халқаро пул ўтказмалари ва банк омонатлари хизматларига тўғри келди. Ҳар иккаласида ҳам 4,3 фоиздан (275 нафар) жавоб берувчи коррупция хавфи мавжудлигини таъкидлаган.
Умуман олганда, сўровнома натижаларига кўра, коррупция хавфи энг аввало кредит бериш жараёнлари ва турли қўшимча хизматларда тўплангани кўриниб турибди.
Бундан ташқари, банк хизматларида респондентларнинг 90 фоиздан ортиғи «таниш-билишчилик»дан фойдаланишини маълум қилган. Қолганлари эса «йўқ» деб жавоб қайтарган.

Банк тизимида коррупция ҳолатларининг асосий сабаблари турлича омиллар билан боғлиқ. Жавоб берганларнинг катта қисми — 53,5 фоизи коррупциянинг асосий сабаби сифатида банк ходимлари иш ҳақининг пастлигини кўрсатган.
Шунингдек, 30,9 фоиз фуқароларнинг молиявий саводхонлиги етарли эмаслигини таъкидлаган.
Яна бир муҳим омил сифатида 16,9 фоиз респондентлар банк ходимлари хатти-ҳаракатлари устидан самарали назорат йўқлигини қайд этган. Қолган 13,4 фоиз иштирокчилар эса бошқа сабабларни кўрсатишган.
Маълумот учун, банк ва суғурта хизматларида фаолият юритувчиларнинг ойлиги Ўзбекистондаги энг юқори маош ҳисобланади. Бу ўртача 16 млн сўмни ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қурилиш рухсатномаси ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ муаммолар ҳақида маълумот берилган эди.