Лавров Россия томонидан эгаланган Украина ҳудудлари халқаро миқёсда тан олинишини талаб қилди

14:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров халқаро ҳамжамиятдан Украина ҳудудларининг аннексия қилинган ҳудудларини расман тан олишни талаб қилиб чиқди.

Lavrov

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров халқаро миқёсда Москва томонидан аннексия қилинган украин ҳудудларини расман тан олиш зарурлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Қрим, Севастопол, Донецк ва Луҳанск «халқ республикалари», шунингдек, Запорижжя ва Херсон областлари Россия таркибига қўшилган ва буни «халқаро-ҳуқуқий асосда» тан олиш керак.

Бу ҳақда Лавров Индонезиянинг Kompas газетасига берган интервюсида таъкидлаб ўтган. Унинг таъкидлашича (https://tass.ru/politika/24940231), бундай тан олиш «мустаҳкам тинчликка» олиб келади ва тинчлик келишуви бунга асосланиши лозим. Унинг баёноти Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича Москва томонидан қўйилаётган асосий шартлардан бири сифатида кўрилмоқда.

Лавров шунингдек, можаро сабабларини йўқ қилишга чақирди. Унинг фикрича, НАТО кенгайиши ва Украинани алянсга тортиш ҳаракатлари Россия хавфсизлигига таҳдид солмоқда. Шу боис, Россия ва Украина учун янги хавфсизлик кафолатлари тизими шакллантирилиши ва бу бутун Евроосиё миқёсида «тенг ва бўлинмас хавфсизлик архитектураси» қисми бўлиши керак.

Россия ташқи ишлар вазири Киевни рус тили ва рус маданиятига нисбатан қатағонлар ўтказаётганликда айблади. У Украинада рус тили қонунан тақиқланган ягона мамлакат эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, тинчлик келишувида Украина нейтрал, ҳарбий блокларга қўшилмаган ва ядровий қуролга эга бўлмаган давлат сифатида кафолат бериши лозим.

Украина президенти Володимир Зеленский эса аннексия қилинган ҳудудлар масаласи фақат Владимир Путин билан юзма-юз муҳокама қилиниши мумкинлигини айтган. Киев бу ҳудудларни ҳеч қачон юридик жиҳатдан Россияники деб тан олмаслигини қайд этган. Шу билан бирга, Reuters манбаларининг ёзишича, Путин айрим ҳудудлардан вақтинча чекинишга тайёр экани ҳақида сигнал берган.