«Отам Ўзбекистонни фуқаролар уруши ва Сурия тақдири бошига тушишидан асраб қолди» — Лола Каримова

20:40 | 6 дақиқада ўқилади.

Ислом Каримовнинг кенжа қизи отасини хотирлаб ижтимоий тармоқдаги саҳифасига видео жойлади. Мурожаат тафсилотларини батафсил қуйида билиб олишингиз мумкин!

Karimov

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляеванинг айтишича, Ислом Каримов номини ёмон кўрсатишга уринаётган буюртма суҳбатлар, бўҳтонли интервюлар, ёки турли «троллар» фаолияти кузатилмоқда. Бу ҳақда Каримованинг ўзи отаси вафотининг 9 йиллиги муносабати билан Instagram’га жойлаган видеомурожаатида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, биринчи президент Ўзбекистонни фуқаролар урушига тушиб қолишидан, Яқин Шарқ, Сурия ва бошқа қўшни мамлакатлар бошидан кечираётган фожиалардан омон сақлаб қолган.

«Энг аввало, мен барча инсонларга бугун бизнинг биринчи президентимизни муҳаббат, илиқлик, яхшилик ва миннатдорлик билан ёдга олишаётгани учун миннатдорлик билдираман. Ҳар бирингиздан миннатдорман. Биламан, бугун кўпчилик мендан одатдаги каби шахсий бир ҳикоя кутмоқда. Ишончим комилки, бу сиз кутган ҳикоя бўлади. Лекин ҳозирча уни айтиб беришга тайёр эмасман, чунки у ҳали давом этмоқда. Фақат шуни айтмоқчиманки, ҳатто, шахсий ҳаётимга доир маслаҳатларида ҳам отам нақадар ҳақ бўлганини бугун янада чуқурроқ англамоқдаман. Бу ҳикояни балки кейинги сафар сўзлаб берарман», — деган Лола Каримова-Тилляева.

У отасининг қилган ишлари, хотирасини, Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида, яъни 1990 ва 2000 йиллар бошида тутган йўлини, доно ва узоқни кўра билган сиёсатини ёдга олмоқчилигини билдирди.

«Бугун бутун дунёга назар ташлаб, унинг кўп масалаларда нақадар ҳақ бўлганини англаб етмоқдаман. Кўпчилик фикримга қўшилса керак. Яна шуни таъкидламоқчиманки, тез-тез бўлмаса-да, аммо ахборот майдонида унинг сиёсатини, ўтмишини камситишга уринишлар кузатилмоқда Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон босиб ўтган йўлдаги аҳамиятини унуттирмоқчи бўлишмоқда. Бугун, мен қатъий ишонч билан айтаманки биринчи президентимиз Ўзбекистонни ички урушлардан, тўқнашувлардан асраб қолган. Яқин Шарқдаги айрим мамлакатлар, жумладан, Сурия ёки бошқа қўшни юртлар бошидан кечирган фожиалар Ўзбекистонни четлаб ўтган бўлса, бу айнан унинг доно сиёсати ва қатъиятли раҳбарлиги сабаб бўлган. Бунинг учун унга миннатдорлик билдиришга ҳақлимиз. Бу фақат менинг фикрим эмас, деб ўйлайман», деган у.

Лола Каримова-Тилляевага кўра, Ислом Каримов номини ёмон кўрсатишга уринаётган буюртма суҳбатлар, бўҳтонли интервюлар, ёки турли «троллар» фаолияти учраб турибди.

«Мен тез-тез унга қарши ҳужумларни, буюртма асосида берилган бўҳтонли интервюларни ва уни қоралашга уринаётган «троллар» фаолиятини кузатаман. Бироқ булар негадир жуда кулгили кўринади. Бўлиб ўтган воқеаларни ортга қайтариб бўлмайди. У Ўзбекистон тарихида ўз ролини ўйнади. Уни турли нуқтаи назардан баҳолаш мумкин. Аммо, энг асосийси, унинг қилган ишлари – Ўзбекистонни бугунги кунга олиб келди», — деди собиқ президентнинг қизи.

«Бугун яна бир бор барчангизга миннатдорчилик билдираман, уни эзгу хотира билан эслайман, вафот этганига 9 йил тўлгани муносабати билан отам учун дуо қиламан», — дея қўшимча қилди Лола Каримова-Тилляева.