Озарбойжон кинотеатрларида рус тилидаги филмлар қисқартиирилди

11:30 | 4 дақиқада ўқилади.

Озарбойжонда рус тилидаги филмлар намойиши сезиларли камайиб, уларнинг ўрнини асосан турк тилидаги филмлар эгаллаяпти.

Kinoteatr

Minval Politika маълумот беришича, аввал улуши 70 фоизга етган бўлса, энди 30 фоизгача камайди, 13 та сеанснинг 9 таси рус тилида бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич тўрттани ташкил этмоқда. Қолган филмлар турк тилида намойиш этилмоқда.

Мутахассислар бу қарорни аҳолининг тил билиш ҳолати билан изоҳлашмоқда. Уларга кўра, мамлакат аҳолисининг асосий қисми рус тилини яхши билмайди, аммо турк тилини осон англайди. Бу эса кинотеатрларга томошабинлар доирасини кенгайтириш имконини беради.

Шу билан бирга, бу ўзгариш Озарбойжондаги кенгроқ маданий силжишни ҳам акс эттирмоқда. Турк тили яқин ва тушунарли тил сифатида қабул қилиниб, рус тилли аудитория йил сайин камайиб бормоқда. Озарбойжон кинотеатрларида рус тилидаги филмлар сони қисқариши икки давлат муносабатларининг ёмонлашгани фонида юз бермоқда.

Ўтган йил декабрда Грозний осмонида Azerbaijan Airlines самолётига зарба берилиб, у Қозоғистон ҳудудида қулаган ва 38 киши ҳалок бўлганди. Президент Илҳом Алиев Москвадан ҳалокатдаги айбини тан олишни талаб қилди. Бироқ, Россия тергов якунланмаганини таъкидлаб, хулоса чиқаришга шошилмасликка чақирди. Бу Боку томонида қаттиқ эътирозларга сабаб бўлди.

Алиев ҳодисани халқаро судга олиб чиқиш ниятини билдирди. Шундан кейин муносабатлар янада таранглашди. Бу йил ёзда Екатеринбургда 10 нафардан ортиқ озарбойжонлик кўп йиллар аввалги қотилликларда гумонланиб қўлга олинди. Улардан икки нафари — ака-ука Зиёддин ва Ҳусайн Сафаровлар ҳалок бўлди.

Алиев россиялик ҳуқуқ-тартибот органларини ҳибсга олинганларни қийноққа солиб, ўлдирганликда айблади ва расмий версия — «юрак хуружи» ҳақидаги баёнотни ёлғон деб атади.

Жавоб тариқасида Боку россияликларни ҳибсга олди ва Москва билан қатор соҳаларда ҳамкорликни музлатиб қўйди. Кремл эса Владимир Соловёв орқали Озарбойжонга «янги махсус ҳарбий операция» билан таҳдид қилди. Алиев бунга жавобан мамлакатни урушга тайёрлашини ва СССР таркибидаги тарихини «оккупация» деб баҳолашини билдирди.