Ўзбекистон элчихонаси ходимлари рус йигитни калтаклагани рад этилди

20:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Москвада итини сайр қилдириб қайтаётган Роман исмли йигит Ўзбекистон элчихонаси яқинида калтакланди.

Elchixona

Жорий йилнинг 31 август куни Россиянинг бир қатор оммавий ахборот воситаларида Москвада Ўзбекистон элчихонаси ходимлари томонидан бир эркак калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўзбекистон элчихонаси ҳолат юзасидан расмий изоҳ берди.

Ҳодиса Москва шаҳри Болшая Полянка кўчаси 28-уй яқинида Роман исмли фуқаро билан содир бўлган. У ўша куни Ўзбекистон элчихонаси ёнидан итини сайр қилдириб қайтаётганида нотўғри қўйилган машинага кўзи тушган ва машина ичида ўтирганларга танбеҳ берган. Бунга жавобан Роман аввал дўқ-пўписа эшитган, кейин эса калтакланган.

Баёнотга кўра, қўйилган постларнинг фотосуратларида кўрсатилган автотранспорт воситаси ва ҳуқуқбузарлар Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ушбу автотранспорт дипломатик рақами бошқа мамлакатнинг дипломатик ваколатхонасига тегишли.

«Содир бўлган воқеа учун элчихонага жавобгарликни юклашга қаратилган ҳар қандай уринишлар асоссиз ва номақбул деб ҳисоблаймиз. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини текширилмаган ахборотларни тарқатмасликга сўраб қолади», — дейилади хабарда.