Ўзбекистон ва Хитой геология соҳасида 5 млрд долларлик келишувга эришди

15:45 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон ва Хитой қиймати тахминан 5 млрд долларга тенг 13 та янги геология лойиҳасини амалга оширишга келишиб олди.

Geologiya sohasida hamkorlik

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Пекинга расмий ташрифи чоғида Си Жинпинг билан ўтказилган музокараларда икки давлат раҳбарлари савдо ҳажмини 20 млрд долларга етказиш мақсадини белгилади. Бу кўпроқ саноат маҳсулотлари ва қишлоқ хўжалиги товарлари етказиб бериш ҳисобига амалга оширилади.

Ўзбекистон геология ва кончилик саноати вазири Бобир Исломов Ўзбекистон24 телеканалига берган интервюсида маълум қилишича , янги келишувлар энергетик хомашё — кўмир ва уран қазиб олиш ҳамда қайта ишлаш, шунингдек, муҳим минералларни ўзлаштириш соҳаларини қамраб олади. Унинг айтишича, президент ташрифи икки томонлама ҳамкорликда янги йўналишлар очиши мумкин.

Шунингдек, Мирзиёев Хитойнинг China National Nuclear Corporation (CNNC) раҳбари Шэн Янфен билан учрашиб, Ўзбекистонда уран кони ва геология-қидирув ишларини ривожлантириш, замонавий технологиялар трансфери ҳамда «тинч атом» соҳасида ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил сентябрда Мингеология, «Навоийуран» ва CNUC (CNNC таркибида) уч томонлама келишув имзолаганди. Унга кўра, Хитой мутахассислари Ўзбекистоннинг истиқболли майдонларида геология-қидирув ишларини олиб боришда ёрдам бериши белгиланган эди.