Ўзбекистонда энг кўп қайд этилган жиноят тури маълум қилинди

10:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Олий суд жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатда судланган шахслар томонидан энг кўп содир этилган жиноятлар статистикасини эълон қилди.

Giyohvandlik

Олий суд маълумотларига кўра, 2025 йил январ–июн ойларида энг кўп қайд этилган жиноят — гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолатлар бўлиб, уларнинг сони 4 578 тани ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга кўпдир. Наркотиклар билан боғлиқ жиноятларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрига тўғри келиб, ярим йилда пойтахтда 1 355 та ҳолат аниқланган.

Иккинчи ўринни ўғрилик эгаллади. Ярим йилда 4 322 киши ушбу жиноят учун жавобгарликка тортилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 4 105 кишини ташкил этган эди. Шу билан бирга, 2 468 нафар шахс ўзлаштириш ва растрата учун судланган.

Бундан ташқари:
1540 та безорилик;
1404 та ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш;
1333 та қасддан тан жароҳати етказиш ҳолатлари қайд этилган.

Шунингдек, 339 та талончилик, 149 та босқинчилик, 110 та номусга тегиш ва 177 та қотиллик жиноятлари қайд этилган.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 11 635 киши оғир, 2 034 киши эса ўта оғир жиноят содир этган. Давр мобайнида 9 570 нафар шахс озодликдан маҳрум этилган. Энг кўп қамоққа олинганлар сони Тошкент шаҳри (1 982 нафар), Тошкент вилояти (1 244 нафар) ва Фарғона вилояти (1 044 нафар) ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, Наманган вилоятида бир нафар шахс умрбод озодликдан маҳрум этилгани маълум қилинди.

Аввалроқ 2025 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон судлари томонидан оқланганлар сони 2,5 баробарга камайгани ҳақида маълумот берган эдик.