Ўзбекистонда уй-жой харидларига кэшбек жорий этилиши мумкин

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда уй-жой харидларига кэшбек тизимини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу ташаббус қурилиш соҳасида шаффофликни ошириш ва солиқ тушумларини кўпайтиришга қаратилган.

Uy joy

29 август куни Савдо-саноат палатаси ҳамда қурилиш соҳаси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда мазкур масала кўтарилди (https://www.youtube.com/watch?v=lbaBI6d0Z_E&t=11694s). Палата раиси Даврон Ваҳобовнинг таъкидлашича, ҳозирда уй-жойларнинг атиги 10 фоизи қўшилган қиймат солиғи билан расмий равишда сотиб олинмоқда, қолган 90 фоизи эса солиқсиз амалга оширилмоқда.

Унга кўра, жисмоний шахслар учун 4−5 фоиз солиқ кэшбек тизимини жорий этиш орқали фуқаролар қурилиш компанияларидан ҳисобварақ-фактура талаб қила бошлайди. Бу эса, ўз навбатида, битим суммасининг 5−6 фоизини қайтариб олиш имконини беради ва бозордаги мавжуд ҳолатни ўзгартиришга хизмат қилиши мумкин.

Мулоқот чоғида шунингдек, қурилиш соҳасидаги яширин иқтисодиёт ҳажми 97 трлн сўмга етгани маълум қилинди. Яширилган солиқлар 1,2 трлн сўмни, талон-торож қилинган маблағлар эса 203 млрд сўмни ташкил этмоқда.

Ҳисоботларда 914 та объектда қурилиш ишлари камайтириб кўрсатилган, 1,5 мингта тайёр объект эса умуман рўйхатга олинмаган. Шунингдек, 6,3 мингта объектда биттагина ходим расмий кўрсатилган, аммо унга бир неча миллиард сўмлик ишлар тўғри келгани қайд этилди.