«Poytaxt bank»ка келган янги раҳбар нималарни ваъда қилмоқда?

10:30 | 3 дақиқада ўқилади.

«Poytaxt bank»да янги раҳбар тайинланди — кузатув кенгаши қарорига кўра, Аброр Турғунов банк бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Abror

1983 йилда Тошкентда туғилган Турғунов 2005 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини «Маркетинг» йўналиши бўйича, 2013 йилда эса Банк-молия академиясини «Инвестициялар бошқаруви» мутахассислиги бўйича тамомлаган. У 2024 йил июнидан «Poytaxt bank» бошқаруви раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келди ва чакана кредитлаш, хазина, иқтисодий таҳлил, стратегик ривожланиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият йўналишларини бошқарган.

Банкнинг ягона корпоратив маълумотлар порталида билдирилишича, ушбу қарор 28 август куни қабул қилинган. Унга қадар мазкур лавозимни Дўстбой Абжалов эгаллаб келган.

Шу билан бирга, банкнинг молиявий стратегияси ҳам янгиланмоқда. Яқин вақтларда «Poytaxt bank» 400 млн дона оддий акция чиқариб, устав капиталига 400 млрд сўм қўшмоқчи. Барча акцияларни ягона акциядор — БААдаги Bond Investments Limited сотиб олади. Ҳозирда банкнинг устав капитали 100 млрд сўмни ташкил этса, 2025 йилдан камида 500 млрд сўмга етказиш талаби белгиланган.

Маълумот учун, «Poytaxt bank» 2019 йил бошида арзон уй-жой дастурларини молиялаштириш ва ипотека кредитларини тақдим этиш мақсадида ташкил этилган. Аввалига унинг 100 фоиз акциялари Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли эди. 2024 йилда банк БAAнинг Bond Investments Limited компаниясига 10 млн доллар эвазига сотилиб, хусусийлаштирилди.